ЭНДЕМИКЛАР

ЭНДЕМИКЛАР, эндемлар (юн. — маҳаллий) — тарқалиши нисбатан кичик географик ҳудуд билан чекланган ҳайвонлар ва ўсимликлар оилалари, уруғлари, турлари ёки бошқа таксонлари. Эндемиклар — бирон флора ёки фаунанинг ўзига хос таркибий қисми. Эндемизмнинг ривожланиши географик чегараланиш, иқлим ва эдафик (тупроқ) шароитлари, биологик омиллар (паразитлик, конкуренция ва бошқалар) билан боғлиқ. Тур эндемизми жуда чекланган бўлиши мумкин. Эндемиклар кўпроқ океан, ороллар, тоғли ҳудудлар ва кўлларда учрайдк. Мас, Авлиё Елена о. флорасининг 85% часи, Кавказ флорасининг 20% га яқини, Байкал кўли фаунаси ва флорасининг 75% га яқин тури Эндемиклардан иборат. Шаклланиш муддатига биноан, Эндемиклар палеоэндемиклар ва неоэндемикларга ажратилади. Палеоэндемиклар — йўқолиб бораётган реликт турлардан иборат. Уларга Ғарбий ва Марказий Хитойда ўсадиган метасеквойя ва гинкго; Калифорния секвойяси, Австралия ва Тасманиядаги ўрдакбурун; Ҳинд океани Комор о. яқинида тарқалган латимерия киради. Неоэндемиклар — яқинда чегараланган ҳудудларда пайдо бўлган, прогрессив ёш турлар ёки формалар. Уларга Қрим флораси ва фаунаси, Британия ороллари фаунасидаги бир қанча турлар киради (Космополитлар билан солиштиринг).

Loading...