ЭНЕОЛИТ (лот. — мис, мисли ва юн, — тош) , мис даври, мистош даври — неолитяан жез асрига ўтиш даври (мил. ав. 4—3 минг йилликлар). Энеолит даврида инсоният мисдан илк бор фойдалана бошлаган. Аммо мис юмшоқ ва мўрт эди, бу эса уни ишлатишни қийинлаштирарди. Шунинг учун мис 100 минг йиллаб ишлатилиб келинган тош қуролларни истеъмолдан сиқиб чиқара олмади. Шунга кўра, бу давр мистош даври ҳам дейилади. Энеолит даври археологик ёдгорликлари Зарафшон қуйи оқимида Каптарнинг қуми, Катта Тузкон маконлари, Саразм, Намозгоҳтепа, Қорадепе (Туркманистон) кабиларда қазиб ўрганилган. Бу даврда одамлар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар. Меҳнат қуроллари тошдан, суякдан тайёрланган. Кулолчилик анча равнақ топган: идишларга геометрик нақшлар солинган, одам ва ҳайвон тасвирини солиш ҳам одат бўлган. Энеолит даври ёдгорликларидан қазиш пайтида пиширилган лойдан ясалган кўплаб аёл ҳайкалчалари (маъбудалар) топилган. Бу Э. даврида ҳали она уруғи (матриархат) бўлганлигидан далолат беради.
Ад.:Гулямов Я. Г., Исламов У. И., Аскаров А. А., Первобнтная культура в низовьях Зарафшана. Т., 1966; Массон В. М., Алтьшдепе, М., 1981.