ЭНЕРГЕТИКА

ЭНЕРГЕТИКА — энергиянинг ҳар хил турларини ҳосил қилиш, уларни бир турдан иккинчи турга ўзгартириш, муайян масофага узатиш ва етказиб бериш, улардан барча соҳаларда фойдаланишни ҳамда шулар билан боғлиқ назарий ва амалий муаммоларни ҳал қилишни ўз ичига олган халқ хўжалиги, фан ва техника соҳаси. Инсоният тараққиётида кишиларнинг турли энергия манбаларига бўлган эҳтиёжлари уларни табиий манбалар — ўтин, кўмир, торф ва бошқалар ёқилғилардан, шамол, сув оқими энергияси (мас, шамол ва сув тегирмонлари) дан фойдаланишга мажбур қилди. Кейинчалик фан ва техника тараққиёти, фантехника инқилоби туфайли 20-асрнинг 2-ярмидан бошлаб асосан электр энергиясига эҳтиёж жуда ошиб кетди. Ана шу омиллар Энергетикани жадал ривожлантиришни тақозо қилди. Фан ва техника тараққаёти энергия и. ч. ва уни ўзгартиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, янги самарали асбобускуналар ва технологияларни яратиш, энергияни тақсимлашни марказлаштириш ва бошқалар орқали ифодаланади. Энергетика фани табиий энергия ресурсларининг потенциал энергиясини халқ хўжалигида фойдаланишга яроқли ва фойдали энергия турларига айлантириш ҳамда шу билан боғлиқ илмийтехник муаммоларни ҳал қилиш масалалари билан шуғулланади.

Энергетиканинг тараққиёти кўп жиҳатдан мамлакат энергия русурслари билан қанчалик таъминланганлигига чамбарчас боғлиқ. Кўмир, нефть, табиий газ, торф, ўтин, сланец, сув, электр ва ядро энергияси, шамол ва қуёш энергияси Энергетика ресурслари ҳисобланади. Энергетика ресурслари ёқилғи (кўмир, нефть, газ, ядро, торф, сланец, ўтин) ва ёқилғи бўлмаган воситалар (сув, шамол, қуёш энергияси ва бошқалар) га бўлинади. Ёқилғи билан боғлиқ Энергетика ресурслари тикланмайдиган, ёқилғи билан боғлиқ бўлмаганлари эса тикланадиган ресурслар ҳисобланади.

Жаҳон миқёсида турли ёқилғи Энергетика ресурслари миқдорини таққослаш учун шартли ёқилғи бирлиги (1 кг ёқилғи ёнганда 7000 ккал иссиқлик ажралиши) қабул қилинган. Жаҳондаги барча ёқилғи ресурсларининг (ядро энергиясидан ташқари) потенциал захиралари 25000 млрд. т шартли ёқилғига тенг. Унинг 95% и ёқилғининг қаттиқ турларига тўғри келади. Ядро энергиясининг асосий манбаи бўлган уран ва торийнинг захиралари дунё океани сувларидаги захиралар билан бирга 69000 млрд. т шартли ёқилғига тенг. Энг кўп ишлатиладиган Энергетиканинг табиий ресурслари (кўмир, нефть, газ) жаҳон мамлакатлари бўйича нотекис тақсимланган. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг Энергетика ресурсларини ҳисобга олсак, мамлакат Энергетикаси халқ хўжалигининг база соҳаси ҳисобланади. Ўзбекистон Э. тизими халқ хўжалиги ва аҳолининг ёқилғи (кўмир, газ, нефть), электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиради ва экспорт ҳам қилинади. Ўзбекистонда 20 иссиқлик электр станциялари, 27 гидроэлектр станция (ГЭС) ишлаб турибди. Буларнинг умумий ўрнатилган қуввати 11,5 млн. кВтсоат (йилига 55 млрд. кВтсоат электр энергияси и. ч. имконига эга), трансформаторларнинг умумий қуввати 44850 МВА, электр тармоқларининг умумий уз. 232 минг км, шу жумладан, юқори қувватли (500 кВ ли)лари 1660 км ни ташкил қилади (2005).

Энергетика халқхўжалигининг муҳим тармоғи сифатида гидроэнергетика ва иссиклик энергетикасига ажралади. Гидроэнергетика — Э. нинг сув ресурслари энергиясидан фойдаланишга доир бўлими. Сув ресурслари энергиясидан фойдаланиш учун сув оқими махсус қурилган иншоотлар ва жиҳозлар мажмуи — гидроэлектр ст-ялар (ГЭС) ёрдамида электр энергиясига айлантирилади. Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси тизимида 26 ГЭС ни бирлаштирган 7 та ГЭС каскадлари ҳамда Фарҳод ГЭС бор. Энг йирик ГЭС лар: Чорвоқ ГЭС (қуввати 620,5 МВт), Хўжакент ГЭС (165 МВт), Фарҳод ГЭС (126 МВт), Ғазалкент ГЭС (120 МВт). Ўзбекистон Энергетика тизимидаги барча ГЭС ларнинг умумий белгиланган қуввати 1419 МВт. Мамлакат гидроэнергетикасининг истиқболдаги тараққиёти, асосан. кичик сув ҳавзалари гидроресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ (қ. Гидроэнергетика).

Иссиқлик Энергетикаси — Э. нинг иссиқликни иссиқлик двигателлари ва бошқалар ёрдамида бошқа энергия турлари (механик энергия, электр энергияси) га айлантириб берувчи иссиклик техникаси бўлими. Иссиқтик Энергетикасида асосий иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона иссиклик электр ст-ялари (ИЭС) ҳамда Давлат иссиқлик электр ст-яси (ДИЭС) ҳисобланади. Йирик ДИЭС лар: Сирдарё ДИЭС (3000 МВт), Тошкент ДИЭС (1850 МВт), Толимаржон ДИЭС (лойиҳа бўйича 3200 МВт). Ўзбекистоннинг иссиқтик электр ст-ялари республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85% ини ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг ёқилғи балансида газ ва кўмирнинг салмоғи катта (қ. Газ саноати, Иссиқлик энергетикаси), «Кўмир» акциядорлик жамияти ҳам «Ўзбекэнерго» таркибига киради.

Фанда Энергетика муаммолари билан шуғулланишда изчил и. т. ишларига асосланган ҳолда Энергетика тараққиётининг қонуниятлари, табиий анъаналари ва оптимал ечимлари ўрганилади, Энергетикани оптимал бошқаришнинг асослари шакллантирилади, Энергетиканинг комплекс муаммолари, шу жумладан, унинг атроф муҳитга таъсири, яъни экология масалалари, Энергетикага доир фан ва техника тараққиёти масалалари ва бошқалар ҳал қилинади. Ўзбекистонда Энергетика фанларининг ривожланиши 20-аср 30-й. лари охири ва 40-й. ларига тўғри келади. Энергетикага доир и. т. ишлари Энергетиканинг устувор комплекс масалаларини ва амалий муаммоларини ҳал қилишга қаратилди. Электр энергиясини узоқ масофага узатиш билан боғлиқ масала — ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириш назарияси, асинхрон ва синхрон машиналарнинг магнит оқимлари ўз-ўзидан уйғонишини таъминлашни ҳисоблаш усуллари, электрон қурилмаларидаги шикастланишнинг мураккаб турлари назариясини ривожлантириш каби устувор масалалар билан шуғулланилди, гидроэлектр ст-ялари қувватини самарали тақсимлашни ҳал қилишга доир ишлар бажарилди. 40-й. лар охири ва 50-й. ларда и. т. ишлари электр ст-ялари, электр тизими ва жиҳозлари ишини яхшилаш, пухталигини ошириш, самарадорлигини кўтаришга қаратилди (Н. Н. Шчедрин, Ҳ. Ф. Фозилов), электр тизимларини ҳисоблашнинг ихчам назарияси ва усуллари яратилди (Ҳ. Ф. Фозилов, К. Р. Аллаев, Т, X. Носиров ва бошқалар). Электр тизимлари режимини ифодалайдиган катта ўлчамли чизиқлимас тенгламаларни ечиш (С. С. Солиҳов), юқори кучланишли электр узатиш линияларидан кичик қувватларни олиш схемаларини яратиш, ҳисоблаш назарияси ва усулларини ишлаб чиқиш (Н. Р. Ғанихўжаев) масалалари тадқиқ қилинди.

Ўзбекистон энергетикаси ривожи учун табиийиклим шароитларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан, хусусан, қуёш энергияси, шамол кучи, ер ости сувлари ҳарорати ва кичик гидроэлектростялардан фойдаланиш масалалари борасида кенг тадқиқот ишлари олиб борилди (Г. А. Гриневич, Р. А. Зоҳидов). И. ч. жараёнларини автоматлаштириш ва телемеханизациялаш ҳамда энергетика тизимларида ўлчаш техникаси, ўлчаш аниқлиги, пухталиги ва самарадорлигини ошириш каби илмий натижаларга эришишда муҳим тадқиқотлар амалга оширилди (акад. Ж. Абдуллаев). Иссиқлик Энергетикаси ва иссиклик техникаси соҳасида ёқилғидан фойдаланишнинг янги технологияси ва иссиқлик энергиясидан самарали фойдаланиш каби муҳим тадқиқот ишларига аҳамият кучайтирилди (Р. А. Зоҳидов, С. Қ. Исматхўжаев). Саноатнинг бир қанча соҳаларида энерготежамкорлик, энергиядан оқилона фойдаланиш, ГЭС лар жиҳозларини диагностика қилиш, машина ёрдамида суғориладиган насос ст-ялари учун янги электр юритмалар яратиш (Т. С. Камолов), Ўзбекистон электр корхоналарининг нормал ишлашини ЭҲМ ёрдамида ҳисоблаш (Э. Пайзиев), электрофизиканинг физиктехник муаммолари бўйича бир қанча илмий натижаларга эришилди. Ўзбек олимлари томонидан автоматлаштирилган электр юритмаларининг янги авлоди яратилди. Ярим ўтказгичли элементлар асосида инверторларнинг бир қанча схемалари таклиф этилиб, уларни частотасига кўра бошқарилувчи асинхрон, бир фазали конденсаторли асинхрон ва синхрон моторли айланиш тезлигини ўзгартиришга қўллашлик муаммолари ишлаб чиқилди (М. 3. Ҳомидхонов, С. 3. Усмонов, Н. М. Усмонхўжаев, А. А. Хошимов, К. Мўминов).

Бу йўналишда олиб борилган ишларнинг бири — бу янги принципда ишлайдиган махсус электр машиналари — кўп роторли асинхрон моторларининг яратилиши бўлди (А. Дадажонов, 3. Ш. Исамуҳамедов). Электромагнитли вал принципи таклиф этилди ва ишлаб чиқилди. Бу бир-бирига механик равишда боғланмаган бир неча механизмларнинг айланиш тезликларини ўзаро мувофиқлаштиришни таъминловчи электромагнитли қурилмадир (Н. М. Усмонхўжаев). Саноат ва қурилишда кенг қўлланиладиган титрама ғалвирлар учун электр юритмаларининг янги турлари яратилиб, и. ч. га жорий этилди (Н. X. Бозоров). Икки моторли электр юритмалар, шунингдек, қутблари кенг ўзгаришга эга бўлган асинхрон моторлари назариялари яратилди (X. Г. Каримов). Электр занжирлари ва тизимларининг чизикли бўлмаган назарияси ва ҳисобий усулларига доир ҳамда автоматика ва ҳисоблаш техникаси элементларини ишлаб чиқиш бўйича мактаб яратилди (Ғ. Р. Раҳимов).

Параметрик занжирлар ва тизим (3. И. Исмоилов), бошқариш элементлари ва техника воситалари (П. Ф. Ҳасанов), автопараметрик тебранишлар зашкирларида ўзгарувчан ток фазалар сони ва частотасини ўзгартириш (А. С. Каримов) назариялари яратилди. Энергетика тизимларининг самарадорлигини ошириш, қувватни тежаш ва экологик соф энергетиканинг долзарб муаммолари бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб борилади. Янги энергия манбаларини топиш, қайта тикланувчи энергия манбалари самарадорлигини ошириш ҳамда уларни энергия тизимида қўлланиш кўламини кенгайтириш истиқболли масалалардир. Ўзбекистон Республикасида Энергетика масалалари билан, асосан, Ўзбекистон ФА Энергетика ва автоматика институтипз., Ўзбекистон миллий унтида, Тошкент техника унтида, соҳа бўйича и. т. институтларида шуғулланилади. Республикада Энергетика фани тараққиёти Ғ. Раҳимов, Ҳ. Фозилов, М. Ҳомидхонов ва бошқалар олимлар номи билан боғлиқ.

Эргаш Шоисматов, Ромэн Зоҳидов.

Loading...