ЭНГЕЛЬС

ЭНГЕЛЬС Фридрих (1820.28.11, Бармен, Германиянинг Вупперталь шаҳри — 1895.5.8, Лондон) — мутафаккир ва жамоат арбоби, марксизм асосчиларидан бири. Фабрикант оиласида туғилган. 1841 — 42 йилларда Берлинда ҳарбий хизматни ўташ даврида унтга келиб маърузалар тинглаб турди. 1842 йил Манчестер (Буюк Британия) га кўчиб келиб фабрика идорасида ишлади; «Рейн газетаси»да ҳамкорлик қилди. Парижда 1844 йил К. Маркс билан бўлган учрашув уларнинг дўстлигига асос солди. Энгельс «Коммунистлар иттифоқи»ни ташкил этишда (1847) ва унинг фаолиятида иштирок қилди. Маркс билан бирга иттифоқ дастури — «Коммунистик партия манифести»ни ёзди (1848). 1848 йил июнь — 1849 йил майида Кёльнда Маркс билан биргаликда «Янги Рейн газетаси»ни нашр этди, 1849 йил Жанубий Ғарбий Германияда қуролли қўзғолонда қатнашди. 1849 йил нояб. да Лондонга кўчиб келди, 1850 йил нояб. да эса Манчестерга келиб, савдо идорасида ишлай бошлади. 1870 йилдан Лондонда яшади; Марксга доимий моддий ёрдам бериб турди. У билан бирга I Интернационал фаолиятига раҳбарлик қилди. Маркс вафотидан кейин Энгельс Европа социалистларининг маслаҳатчиси ва раҳбари бўлди. Асосий асарлари: «Англияда ишчилар синфининг аҳволи» (1845), «Муқаддас оила» (1845), «Немис мафкураси» (1845—46) (кейинги иккаласи К. Маркс билан биргаликда ёзилган), «Германияда деҳқонлар уруши» (1850), «Германияда инқилоб ва аксилинқилоб» (1851—52), «АнтиДюринг» (1878), «Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши» (1884), «Людвиг Фейербах ва немис классик фалсафасининг охири» (1886), «Табиат диалектикаси» (1873—82; 1925 йил босилиб чиққан), «Франция ва Германияда деҳқонлар масаласи» (1894). Э. Маркс билан биргаликда яратган таълимот тарихий тараққиётга,ҳаётнинг объектив қонуниятларига зид эди. Бу таълимот 20-асрда дунёнинг катта қисмида муайян синф мафкурасига айлантирилиб, жамиятнинг барча аъзоларини унга бўйсундиришга ҳаракат қилинди. Бундай таълимот амал қилган ижтимоий тузумда мулкка эгалик, шахс эркинлиги, инсон ҳуқуклари поймол этилиши натижасида ўта салбий ижтимоий жараёнлар содир бўлди.