ЭНТОБАКТЕРИН

ЭНТОБАКТЕРИН — биологик инсектицид. Кристалл ҳосил қиладиган бактерия асосида олинади. 1 граммида 30 млрд. га яқин яшовчан бактерия спораси ва заҳарли оқсил кристаллари (жуфт спорали тана) бўлган кулрангқўнғир кукун ва паста (1 граммида 20 млрд. га яқин бактерия спораси) ҳолида чиқарилади. Тўлдиргич сифатида кукунланган каолин қўшилади. Энтобактериннинг таъсир доираси кенг. Зараркунандаларнинг 50 турига, жумладан, кўк қурт, ғўза тунлами, карадрина, олма, мева ва карам куяси, беда уруғхўри, одимчилар ва бошқаларга қарши қўлланилганда яхши самара беради. Энтобактерин таъсирчанлиги қисман ҳаво ҳароратига боғлиқ. Энтобактерин ишлатилганда ва ундан кейинги 2—6 кун давомида кундалик ҳарорат қанча юқори бўлса, самара ҳам шу қадар юқори бўлади. Препарат меъёри ва обҳавога қараб кўпгина қуртлар 2—5 кунда нобуд бўлади. Энтобактерин ўсимликларга паст дозадаги кимёвий препаратлар билан қўшиб пуркалади; бунинг учун яхши аралаштирилган сувли суспензия тайёрланади. Препаратнинг сарф меъёри 2,0—2,5 кг/га, фозалон аралаштириб ишлатилганда 0,5 кг/га. Иш суюклиги сарф меъёри 100 — 200 л/га. Энтобактерин ўсимликлар, одам, иссиққонли ҳайвонлар, асаларилар ва бошқалар фойдали ҳашаротлар учун зарарсиз.

Prev Article

ЭНТЕРОКОЛИТ

Next Article

ЭНЦЕФАЛИТ