ЭОЦЕН

ЭОЦЕН (юн. — эрта тонг ва — янги) — палеоген системаси (даври)нинг ўрта бўлими. 1833 йилда инглиз геологи Ч. Лайель томонидан номланган. Эоцендан юқори бўлим 1855 йил олигоцен бўлими (эпоха) деб ажратилган, қуйи бўлим эса 1874 йил палеоцен бўлимини ҳосил қилган. Эоцен қуйи, ўрта ва юқори — 3 та кичик бўлимга бўлинади. Эоцен давридаги тропик денгизларда кичик бўлим ва зоналарни ажратишда фойдаланиладиган нуммулитидлар — йирик фораминифералар ривожланган. Эоцен ҳайвонот дунёсининг янги шакли — сут эмизувчиларнинг кўплаб вужудга келиши билан боғлиқ. Ўрта Осиёда, чунончи Фарғона водийсида сўзоқ (қуйи Эоцен), олай, туркистон (ўрта Эоцен), риштон, исфара, хонобод (юқори Эоцен) қатлари ажратилади. Эоценнинг ярусларга бўлиниши маҳаллий характерга эга. Бу бўлим ётқизиқлари билан нефть, қўнғир кўмир, фосфорит, диатомит, темир рудалари ва бошқалар конлар боғлиқ.