ЭПИДЕРМИС

ЭПИДЕРМИС (эпи… ва дерма) ҳайвонларда тери эпителийсининг эктодермадан ҳосил бўладиган сиртқи қавати. Умуртқасизларда бир қават Эпидермис, яъни гиподерма чиғаноқ ёки кутикулани ҳосил қилади. Умуртқалиларда Эпидермис базал мембрана устида жойлашган бир неча қават эпителийдан иборат. Базал ҳужайралар устида 5—10 қават пихли ҳужайралар жойлашган. Эпидермиснинг қуйи қавати базал мембрана ҳужайралари билан бирга ўсадиган қаватни ҳосил қилади. Бўлиниб кўпаядиган ўсувчи ҳужайралар ҳисобига Эпидермиснинг доимо ўлиб турадиган сиртқи: донадор (3—4 қават бўлиб жойлашган ҳужайралар), ялтироқ (3—4 қават бўлиб жойлашган ҳужайралар) ва кўп қаватли мугуз қават ҳужайраларга алмашиниб туради. Базал мембрана яқинида жойлашган Эпидермис қавати ҳужайралари цилиндрсимон ёки кубсимон бўлади. Сиртқи қаватга яқинлашган сари ҳужайралар яссилашади ва қалинлашиб уваланади. Одамда Эпидермис ҳужайралари 20 суткада тўлиқ алмашинади. Тери функцияси, асосан, Эпидермис ҳужайраларининг тузилиши ва хоссалари билан боғлиқ.

Ўсимликларда Эпидермис (эпидерма, пўст) — ёш барглар, новдалар, мева, уруғ ва гулларда ўсиш конуси протодермасидан ҳосил бўладиган бирламчи қопловчи тўқима. Э. ҳужайралари бир қават бўлиб жойлашган; сиртдан кутикула, юпқа мум қавати ва тирик ёки ўлик тукчалар билан қопланган. Эпидермис ҳужайралари ташқи қобиғидаги тешикчалар оркали сув ва озиқ моддалар ўтади. Эпидермисда кучли ихтисослашган тузилмалар — оғизчаларни ёпувчи ҳужайралар, ҳар хил функцияни бажарувчи трихомалар (тукчалар ҳосил қилувчи ҳужайралар), гидадотлар (ўсимликдан томчи суюқлик ва тузларни чиқарувчи ҳужайралар) ва бошқалар шаклланади. Эпидермис барьер (тўсиқ) функциясини бажаради; ички тўқималарни шикастланиш ва қуриб қолишдан сақлайди; газ алмашинуви, сув буғланиши, шимиш ва секрет (жумладан, ферментлар ва гормонлар) ишлаб чиқариш вазифасини бажаради.

Next Article

ЭПИЗОД