ЭПИГРАФ

ЭПИГРАФ (юн. — устки ёзув) — 1) Юнонистонда қабр тошлари устидаги ёзув;

2) адабий асар ёки унинг бирор қисми (боби)нинг тепасига ёзиб қўйилган ва шу асар ёки қисм (боб) мазмунини ифодалайдиган, асосий йўналишини белгилаб берадиган теран маъноли ибора, мақол, матал, ҳикматли сўз, қўшиқ, шеър ёки ўзга бир манбадан олинган парча. Жаҳон адабиётида Эпиграф 15-аср бошларида пайдо бўлган. 19-аср романтиклари асарларида ҳам Эпиграф кўп учрайди. Ж. Руссо, А. Стендаль, И. Гёте, Ф. Шиллер, А. Пушкин, М. Лермонтов, Н. Гоголь, Л. Толстой, шунингдек, ўзбек адабиётида Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор, О. Мухтор ва бошқалар Эпиграф санъатидан моҳирона фойдаланганлар. Эпиграф иқтибос ёки кўчирманинг барча хусусиятларига эга бўлиб, асосий матнга ўзига хос кириш вазифасини ўтайди. Уларсиз баъзан бадиий асарнинг моҳиятини англаш мумкин бўлмай қолади. Пародияларда ҳам Эпиграф қўлланилади.