ЭПИЛОГ

ЭПИЛОГ (эпи… ва — сўз) — бадиий асарда воқеа тасвиридан сўнг қаҳрамонларнинг кейинги тақдирини сўзлаб берувчи хотима қисми; қадимий юнон драмасида хор (ёки актёр)нинг томошабинларга сўнгги мурожаати (бунда саҳнада юз берган воқеа-ҳодисаларнинг моҳияти шарҳланар ва муаллифнинг нияти баён қилинарди). Уйғониш даври драмаларида (В. Шекспир, Б. Жонсон), одатда, Эпилог томошабинларга мурожаатмонолог бўлиб, бунда пьесанинг асосий гояси шарҳланган.

Эпилог асардаги асосий зиддият ечимининг оқибатларини ифодалашга, асарнинг ғоявий самарасини баён қилишга хизмат этади. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги хотима Эпилогнинг ёрқин намунасидир. Ушбу Эпилог орқали ўқувчилар асар бош қаҳрамони Отабекнинг кейинги такдири ҳақида хабар топадилар. Ҳар бир асарда Эпилог бўлиши шарт эмас. Баъзан Эпилог асарнинг бош қисмига кўчирилиши ҳам мумкин.

Мусиқада ҳам операнинг хотима қисми Эпилог деб юритилади (яна қ. Хотима).

Prev Article

ЭПИКУРЕИЗМ

Next Article

ЭПИТЕЛИЙ