ЭПЛТОН (Эпллтон) Эдуард Виктор (1892.6.9, Брадфорд — 1965.21.4, Эдинбург) — англиялик радиофизик. Лондон Қироллик жамияти аъзоси (1927). Кембриж ун-тини тугатган (1914). Лондон ун-ти (1924—36), Кембриж ун-ти проф. (1936—39), Буюк Британия и. т. лар департаменти котиби (1939—49). Эдинбург ун-ти ректори (1949 йилдан). Асосий илмий ишлари радиотўлқинларнинг тарқалиши ва сўнишига оид. 1924 ва 1927 йилда ионосферанинг радиотўлқинларни қайтарувчи икки қатламини экспериментал равишда топди. Ионосферани ҳар томонлама текширган. Нобель мукофоти лауреати (1947).