ЭПОКСИД ПОЛИМЕРЛАР

ЭПОКСИД ПОЛИМЕРЛАР — эпоксид смолалар ёки эпоксид олигомерларнинг қотирувчилар иштирокида полимерланиш маҳсулотлари. Оддий эпоксидлар асосида олинган материаллар механик ва иссиқлик таъсирига 155°гача чидайди, аммо Эпоксид полимерларнинг ўзи нисбатан юқори бўлмаган иссиқликка бардош бера олмайди. Юқори ҳароратга чидамли Эпоксид полимерлар: 1) эпихлоргидринни юқори ҳароратга чидамли фенол компонентлари билан конденсатлаб;

2) эпихлоргидринни бошқа оксид компонентлар, хусусан, бисэпоксидлар билан алмаштириб олинади. Диэпоксид асосида янги циклоалифатик Эпоксид полимерлар чиқарилади. Улар кислота оксидлари билан қотирилади ва юқори ҳароратга бардош бера олади, диэлектрик хоссаларини 200°гача сақлайди. ВҒ3 билан қотирилган Эпоксид полимерлар гидроксил гуруҳларнинг камлиги ва катта пишикликка эгалиги билан фарқланади, шунингдек, узоқ вақт давомида 200° ҳароратга чидайди. Эпихлоргидрин ва 2 атомли фенолни ишқор иштирокида қиздирилганда тола ҳосил қилувчи ароматик полиоксибирикмалар — Э. п. олиш мумкин. Эпоксид полимерларнинг иссиқликка бардошлигини ошириш мақсадида макромолекула таркибига кўп атомли феноллар киритилади.