ЭРГАШИШ

ЭРГАШИШ — синтактик боғланишнинг бир тури, гапда бир сўзнинг иккинчисига бўйсуниши, яъни тобеланиш йўли билан боғланиши. Эргашиш сўз бирикмаси таркибидаги бўлаклар орасида ҳам, гап таркибидаги бўлаклар орасида ҳам учрайди. Бунда бир бўлак иккинчисига нисбатан эргаш (тобе) сўз вазиятида бўлади. Мас: китобни ўқимоқ (китобни — эргаш сўз, ўқимоқ — бош сўз). Сўзларнинг Эргашиш йўли билан боғланиши 3 хил бўлади: бошқарув, мослашув ва битишув (сўзларнинг ҳеч қандай қўшимчаларсиз, оҳанг ёрдамида бирикиши). Эга ва кесим орасидаги Эргашиш (тобеланиш), бошқа бўлаклардан фарқли равишда сўз бирикмасини эмас, балки гапни ҳосил қилади.

Эргашиш қўшма гаплар доирасида ҳам кузатилади. Бу ҳол бири иккинчисини аниқлаш, тўлдириш каби вазифаларни бажарадиган қўшма гап қисмлари доирасида юз беради. Бундай қўшма гаплар эргашган қўшма гаплар деб юритилиб, улар мазмун ва вазифаларига кўра 14 турга бўлинади (яна қ. Кўшма гап).