ЭРИШ — моддаларнинг иссиқлик таъсирида қаттиқ (кристалл) ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтиш жараёни. Соф моддаларнинг Эриш жараёни Эриш трасига боғлиқ. Эриш вақтида қаттиқ ҳолатдаги атомларнинг жойлашиш тартибида фазовий кристалл панжара бузилади. Кристаллда атомлар мувозанат вазиятлари атрофида тебранади. т-ра кўтарилган сари тебранишлар амплитудаси ортиб боради ва муайян критик катталикка етади, шундан кейин панжара бузилади. Қаттиқ қотишмалар маълум т-ра оралиғида эрийди. Аморф қаттиқ моддалар т-ра орта бориши билан юмшаб, аста-секин суюқ ҳолатга ўтади. Модда эриганда ҳажми кенгаяди, босим ошиши билан Эриш т-раси ҳам ортиб боради. Айрим моддалар (муз, металл ва металлоид) эриганда ҳажми кичраяди ва босим ортиши билан Эриш т-раси пасаяди.
Молекуляркинетик тасаввурларга биноан, модданинг қаттиқ ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтишида кристалл панжаранинг бузилиши учун етарли миқдорда энергия берилиши зарур. Эриш жараёнида моддага ташқаридан бериладиган энергия унинг т-раси ортишига эмас, балки кристалл панжарасини бузишга сарфланади.
Эриш табиатда (Ер сиртида қор ва музларнинг, Ер қаърида минералларнинг эриши), фан ва техникада (соф металл ва қотишмалар ишлаб чиқаришда) катта аҳамиятга эга.