ЭРИТУВЧИЛАР

ЭРИТУВЧИЛАР — турли моддаларни ўзида эрита оладиган кимёвий бирикмалар ёки уларнинг аралашмалари. Сув, спирт, кислота, ишқор, эфирлар, бензол, толуол, ксилол ёки уларнинг аралашмалари Эритувчиларга мисол бўла олади. Эритувчилар хоссалари (мас, учувчанлиги, ёпишқоқлиги, зичлиги, диэлектрик доимийси ёки кимёвий фаоллиги)га кўра синфланади. Биринчи навбатда, Эритувчиларнинг кимёвий хоссалари, айниқса, уларнинг заҳарли ёки заҳарли эмаслигига эътибор берилади. Стандарт эритувчи сифатида сув олинади. Шу аснода Эритувчиларни кислотали, ишқорий ва амфотер хоссаларга бўлинади. Маълумки, сув кимёвий реакцияларда водород катиони — Н* ни узатиб кислота ролида бўлиши ёки бундай катионни асос сифатида бириктириб олиб, Н30+ га айланиши мумкин. Демак, сув ўзида қандай модда эритилганига қараб кислота ёки ишқор ўрнида бўла олади. Сувни деярли идеал амфотер эритувчи деб қабул қилиш мумкин. Сувнинг мана шундай универсал хоссаларига асосланиб, унга нисбатан ишқор ролида бўлувчи Эритувчилар кислотали эритувчилар, сувни Эритувчиларга нисбатан кислота деб ҳисобланганда эса ишқорий эритувчилар дейилади. Бундай синфлашда эритмалар ҳосил бўлишида роль ўйнайдиган функционал гуруҳлар электронлари ҳаракати ҳисобга олинади. Шу боис электрон жуфтини берувчи эриган модда молекуласи ишқорий (донор) эритувчи сифатида белгиланади. Анилин, пиридин, диметилсульфоксид, оддий ва мураккаб эфирлар донор Эритувчилар вакиллари ҳисобланади. Эриган модданинг электрон жуфтини қабул қилувчи эритувчи кислотали ёки акцептор Э. ҳисобланади. Буларга карбокислоталар, феноллар, кислоталарнинг хлорангидридлари киради. Кислотали Эритувчиларга тўла алмашинмаган галоген ҳосилали алифатик углеводородлар (хлороформ, дихлорэтан) ҳам киритилади. Спиртлар ва кетонлар сувсиз амфотер Эритувчилар ҳисобланади. Гексан, углерод сульфид ва тетрахлорметан «инерт Эритувчилар» қаторига киради.

Эритувчиларни танлашда уларнинг диэлектрик ўтказувчанлиги каби физик хоссасидан фойдаланилади. Бунда Эритувчиларнинг паст қутблилиги (2 дан 12 гача) ва юқори қутблилиги (50 дан юқори) ҳисобга олинади. Сувда бу миқдор 78 ни, бензолда эса жами 2,3 ни ташкил қилади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, 2 турли зарядлар ёки 2 дипол молекулалар сувли муҳитда вакуумдагига нисбатан деярли 80 марта кам энергия билан таъсирлашади. Бензолда эса таъсирлашув энергияси 2 баравар камаяди, холос. Шу сабабли сув юқори қутбли Эритувчилар қаторига киритилади. Бу борада пропиленкарбонат, гидразин, формамид ва сульфат кислота сувга яқинроқ туради.

Эритувчилардан қадимдан фойдаланиб келинади. Эритувчиларнинг кўплари саноат миқёсида ишлаб чиқарилади, Эритувчилар ишлатилмайдиган ёки фойдаланилмайдиган соҳани топиш қийин. 21-асрда Эритувчилардан кимёвий жараёнларни бошқаришда кенг фойдаланила бошланди. Эритувчининг хилини ва хоссаларини билган ҳолда ихтиёрий реакцияларни амалга ошириш мумкин. Эритувчилардан фойдаланиб, электролиз жараёнида алюминийни паст траларда ажратиб олиш муаммоси ҳал қилинди. Мана шу йўл билан алюминийли ҳимоя ва манзарали қопламалар ҳам олина бошланди. Ацетон, ацетонитрил, бензол, диэтилэфир, диметилацетамид, диоксан, сирка кислота, этанол, формамид, метанол, нитробензол, пиридин, тетрахлорметан, хлороформ, этилацетат, циклогексан, метилэтилкетон, октан, скипидар, углеродсульфид, тетралин, трибутилфосфат ва бошқалар турли хил Эритувчилар саноат ва халқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга.

Ад.:Энтелис С. Г.,Тигер Р. П.,Кинетика реакций в жидкой фазе, М., 1973; Фиалков Ю. Я., Растворителькаксредство управления химическим процессом, М., 1988. Қудрат Ахмеров.

Prev Article

ЭРИТРИН

Next Article

ЭРКИН БОЗОР