ЭРК ҚАЛЪА

ЭРК ҚАЛЪА — кўҳна Марв шаҳри харобасини ташкил этган қалъалардан бири. Туркманистондаги Мурғоб дарёсининг ўрта оқими бўйида, Байрамали шаҳри яқинида жойлашган. Эрк қалъа Марвнинг энг қадимий қисми ҳисобланади. Эрк қалъанинг тарҳи овалсимон (400×500 м — 20 га) бўлиб, Гавр қалъа мудофаа деворларининг шим. қанотига туташган. Эрк қалъанинг марказида . / бал. 25 м дан зиёд арк (50×50 м) жойлашган. Аркнинг шим. да пастак майдонча бўлиб, унда ҳарбий гарнизон ва тошотар қуроллар ўрнашган. Эрк қалъада дастлабки қазишмалар 1890 йил Россия Археология комиссияси аъзоси В. А. Жуковский томонидан ўтказилган. 1904 йил Р. Пампелли бошчилигидаги америкалик экспедиция, 1937 йил Б. Б. Пиотровский, А. А. Марушченко ва 1947 йил С. А. Вязигин, 1950—1992 йилларда М. Е. Массон раҳбарлиги остида Жанубий Туркманистон археология комплекс экспедицияси томонидан олиб борилган тадқиқотлар Эрк қалъанинг мил. ав. 1-минг йилликнинг 2-чорагида бунёд этилганини кўрсатди. Сосонийлар даврида (3—5-асрлар) марказий тепаликда маъмурий бино қад кўтарган, у кейинчалик араблар томонидан халифа Маъмуннинг Марвдаги қароргоҳи сифатида фойдаланилган. Ёзма манбаларга кўра, Эрк қалъа 10-асрдан харобага айланган. Эрк қалъадан кўплаб сопол ва шиша идишлар, сосонийлар тангалари, жез пичоқлар, тошқолип, жез пайконлар топилган.

Prev Article

ЭРИТРИН

Next Article

ЭРКАЕВ