ЭРКИНЛИК

ЭРКИНЛИК — кишининг ўз истаги бўйича иш тутиши. Эркинлик тушунчаси ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, этика, эстетика каби ижтимоий билим соҳаларида кенг ишлатилади. Мас, виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва ҳ. к. Э. — бошбошдоқликни эмас, жамиятдаги муайян тартибни ифодалайди. Эркинлик инсоннинг жамият олдидаги вазифани бажаришни эркин, ихтиёрий танлашидир. Эркинлик инсоннинг сиёсий, маънавий таъқибдан, зўравонликдан ҳимояланганлигини билдиради. Эркинлик ўз бахтини ўзи яратиш воситаси бўлиб, инсоннинг ўзлигини англаш даражасини ифодалайди.

Инсон эркинлиги объектив шартшароит ва вазиятга боғлиқдир. У мавҳум эмас, у доимо конкретдир. Шахс муайян шароит ва вазиятда тайин имкониятга таяниб аниқ мақсадига эришади. Аммо, шароит, вазият ва имкониятларга ҳамма ҳам бир хилда эга бўлмаслиги мумкин. Мақсадга эришишда кимгадир шартшароит, кимгадир мақсадга эришиш воситаси, кимгадир имконият етишмай қолади. Муайян вазиятда ва шартшароитда кимдир мақсадга эришиш учун Эркинликка эга бўлиши ёки кимдир ундан маҳрум бўлиши мумкин. Шахснинг эркинлигини оширувчи омилларга у эгаллаган билим ва тажриба киради. Ислом таълимотида инсонга эркин бўлиши учун ақлидрок берилган деб айтилади. Абу Мансур Мотуридий исломдаги ирода эркинлигини шарҳлаб, инсонга берилган ақлидрок унга ўз хатти-ҳаракатида яхшилик ва ёмонликни, ҳалол ва ҳаромни, савоб ва гуноҳни, тўғри ёки эгри йўлни танлаш эркинлигини берди, бизнинг келажагимиз шу йўллардан қай бирини танлай олишимизга боғлиқ, деб уқтирган. Инсон эркин онгли фаолияти билан ҳайвондан фарқ қилади. Ҳайвонлар шартшароит ва вазиятга қарамдир. Инсон эса онгли равишда мақсадга эришиш йўлини излайди.

Prev Article

ЭРКИНДАРЁ

Next Article

ЭРМОН