ЭРХАРД РЕЖАСИ

ЭРХАРД РЕЖАСИ — немис иқтисодчиси, ГФРнинг давлат ва сиёсий арбоби Людвиг Эрхард (1897—1977) томонидан олға сурилган ижтимоий бозор хўжалиги концепцияси ва неолиберализм ғояларига асосланган иқтисодий ислоҳотлар дастури. Эрхард режаси Ғарбий Германиянинг «немис мўъжизаси»га эришиш имконини берган иқтисодий ислоҳотлар мажмуи бўлиб, унда 2жаҳрн урушида вайронага айланган мамлакатни, издан чиққан иқтисодиётни қайта тиклаш омиллари белгилаб берилган. Бу режа 1948 йилдан бошлаб ГФР канцлери К. Аденауэр ва Л. Эрхард ҳамкорлигида мамлакат иқгисодий сиёсатининг асосий вазифаси сифатида қабул қилинган ва амалга оширилган. Эрхард режасига кўра, 1948 йил 21 июнда мамлакатда асосий муаммо бўлган юқори инфляцияни жиловлаш учун ўта кескин пул ислоҳоти амалга оширилди, эски рейхсмарка (РМ) ўрнига янги дойчмарка (ДМ) жорий қилинди. Бунда киши бошига 40 ДМ 1/1 нисбатда, қолган маблағлар эса янги валютага 1/10 нисбатда алмаштирилди. Шунингдек, тижорат банклардаги жамғармаларнинг катта қисми музлатиб қўйилди (1948 йилда 30% ва 1949 йилда 70%). Айни пайтда ГФР ҳукумати ишлаб чиқаришни қўллабқувватлаш мақсадида амалдаги солиқ ставкаларини кескин пасайтирди, Немис ерлари банки (ГФР Давлат банки) эса мажбурий захиралар меъёрини пасайтирди. Мазкур чоралар иқтисодиётни кенг миқёсда арзон кредитлар билан таъминлаб берди. 2-жаҳон урушидан кейин АҚШнинг Ғарбий Европани қайта тиклашга қаратилган Маршалл режаси доирасида ГФРга ажратилган 2,422 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги ёрдам ҳам Эрхард режасининг муваффақиятини таъминлади. Ижтимоий бозор хўжалиги моделида тоталитар марказдан бошқариладиган иқтисодиётдан кескин фарқланадиган усуллар қўлланилди. Натижада қисқа муддатда ГФР да иқтисодий юксалиш жараёнлари бошланди. Жумладан, 1948 йил ГФРда саноат ишлаб чиқариш 50%, 1949 йилда эса 25% ўсди. 1953 йилга келиб ГФР ялпи ички маҳсулот, саноат ишлаб чиқариш бўйича Ғарбий Европанинг иқтисодий жиҳатдан энг кучли мамлакатига айланди, немис дойчмаркаси эса дунёнинг қадрли валюталари қаторидан жой олди. Эрхард режаси босқичмабосқич (1босқич 1948 — 56 йилларда, 2босқич 1957—64 йилларда) амалга оширилди. 1963— 67 йилларда ГФР канцлери бўлган Л. Эрхард 1965 йилда ГФРда «ижтимоий бозор хўжалиги»ни барпо этиш дастури ниҳоясига етганлигини эълон қилди. Эрхард режаси ва унинг асосий ғоялари ГФРда ўз ҳаётийлигини кўрсатди ва бошқалар бир қанча мамлакатлар (Швеция, Финляндия ва бошқалар)да кенг қўлланди.

Қаҳрамон Ҳақбердиев.

Loading...