ЭШОНГУЗАР

ЭШОНГУЗАР (1977-1990 йилларда Калинин посёлкаси) — Тошкент вилояти Зангиота туманидаги шаҳарча, туман маркази. Тошкент шаҳрига жан. дан (кичик ҳалқа йўл орқали) чегарадош. Яқин т. й. станцияси — Ўртаовул (16 км). Аҳолиси 8,9 минг киши (2004). Эшонгузар номининг келиб чиқишини маҳаллий ривоятлар 17-асрда яшаган Мадали эшон билан боғлайдилар. Шаҳарчада «Регионалгеология» акциядорлик жамияти, туман газ таъминоти, электр тармоғи идоралари, алоқа уйи, «Турон» мини банки биноси, кичик ишлаб чиқариш цехлари, «Оталар чойхонаси», «Ҳунармандлар бозори», супермаркет, универсал ва хусусий дўконлар, меҳмонхона фаолият кўрсатади. 2 умумий таълим мактаби, Тошкент банк ҳисобкредит касб-ҳунар коллежи, қ. х. касб-ҳунар коллежи мавжуд. Марказий, болалар кутубхоналари, «Бахт уйи», мусиқа мактаби, стадион ва бошқалар спорт иншоотлари, «Алгоритм» тиббийсанитария қисми, туғруқхона, болалар поликлиникаси, теританосил касалликлари диспансери, дорихона ва бошқалар тиббий муассасалар бор. «Семурғ» санаторийси мавжуд. «Истиклол» газ. чиқарилади. Эшонгузар транспорт йўллари орқали Тошкент шаҳри ҳамда Зангиота туманининг бошқа аҳоли пунктлари билан боғланган.