ЭСКИ МАЧИТ

«ЭСКИ МАЧИТ»Қарши шаҳридаги театр. 1992 йил «Мулоқот» театр студиясидан ажралиб чиқиб, театрстудия сифатида иш бошлаган. Абдунаби Бобожонов, Исҳоқ Тўраев, Ойгул Халилова, Ботир Қурбонов, Гулноза Раҳматова, ҳаваскор созанда ва хонандалар труппа асосини ташкил этган. «Эски мачит» театрининг биринчи асари «Меҳрибонгинам» (Ш. Шоманадзе асари) спектаклидаёқ труппанинг муҳим ижтимоий муаммоларни янги услубдаги теран саҳнавий талқинларда ёрқин ва таъсирчан ижроларда акс эттиришга бўлган интилиши кўринди. Спектакль «Наврўз95» фестивалида 1-ўринни олди. Театр янгича фикрлайдиган новатор реж. ларни таклиф этиб, шу пайтгача ҳеч ким эътибор бермаган манбалар асосида мураккаб саҳна асарлари яратиш, янги талкин услуби ва воситалар излаб топиш, томошабинни воқеаларнинг иштирокчисига айлантириш йўлидан борди. 1995 йил реж. Фаррух Қосимов Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ уттайр», Навоийнинг «Лисон уттайр» асарлари асосида «Шайх Санъон» ва «Тарсо духтар»ни саҳналаштирди. 1998 йил Украинанинг Харьков шаҳрида ўтган «Шарқ экспресси» халқаро театр фестивалида «Аёл алвасти ёки ҳароратли айиқ» спектакли 1-ўрин олди. 1999 йил Ч. Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асари асосида саҳналаштирилган «Найман она қиссаси» спектакли «Наврўз — 99» республика фестивалида алоҳида соврин, Бишкек (Қирғизистон)да ўтган «Ч. Айтматов ва театр» халқаро фестивалида энг олий соврин — Гранприни қўлга киритди. Шунингдек, «Қобил ва Ҳобил», «Рақсу самоъ» каби спектакллар ҳам турли мукофотларга сазовор бўлди. «Чияли бозордаги ҳангома», «Мўъжизавий дарахт», «Манқуртларга берманг дунёни» каби театрлашган томошалари ҳам муваффақият қозонди.

Театрнинг бадиий раҳбари ва бош реж. и — Исҳоқ Тўраев.

Муҳсин Қодиров.