ЭСКИ ЎЗБЕК ТИЛИ — туркий тиллартшт қарлуқ гуруҳига мансуб тиллардан бири; маҳаллий туркий лаҳжалар негизида ўзидан олдинги даврлар (мас, қорахонийлар — 11 —12-асрлар; Олтин Ўрда — 13—14-асрлар)нинг адабийлисоний анъаналари таъсири остида шаклланган ва 14-аср 2-ярмидан 19-аср охирларигача мавжуд бўлган ёзма китобий тил. Ўзбек тили тарихини даврлаштириш ва бунда Эски ўзбек тилининг ўрни ва қайси давр (йиллар)ни қамраб олиши ҳақида ягона фикр мавжуд эмас. Ўзбек тили тарихини даврлаштириш бўйича рус олимларидан С. Е. Малов, П. М. Мелиоранский, А. Н. Самойлович, А. К. Боровков, А. М. Шчербак, венгер олими Я. Экман, ўзбек олимларидан О. Усмонов, Ғ. Абдураҳмонов, У. Турсунов билан Б. Ўринбоев, АМухторов билан У. Санақулов ва бошқаларнинг тадқиқотлари мавжуд (уларнинг баъзиларида «Эски ўзбек тили» термини ўрнида «туркий», «чиғатой тили», «Ўрта Осиё туркий адабий тили» терминлари қўлланган).
Эски ўзбек тили қадимги туркий тилнинг бевосита давоми ва ҳоз. ўзбек тилининг асоси ҳисобланади. Айрим илмий манбаларда «чиғатой тили» деб ҳам аталади, аммо Эски ўзбек тилининг Чиғайтойга, мўғулларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, бунинг устига ўша давр ёзувчи ва шоирлари ўз тилларини туркий (тил) деб номлаганлар. Қарлуқ, ўғуз, қипчоқ гуруҳларига мансуб туркий тиллар ўртасидаги минтақавий вариантлашув (ўзгаришлар) ва жадал, самарали алоқамуносабатлар туфайли келиб чиққан турли лаҳжавий шаклларни ўз ичига олган Эски ўзбек тили умумлаҳжавий (барча лаҳжалар учун умумий) хусусиятга эга бўлади. Бу хусусият кўплаб арабча, форсча ўзлашмалар, шунингдек, араб графикасининг қўлланиши оқибатида янада чуқурлашади, мураккаблашади. Бунинг натижасида Эски ўзбек тили даги асарлар Босфордан Олтой ва Ҳиндистонгача чўзилган ҳудудда яшовчи туркийзабон халқлар томонидан кенг ўқиладиган бўлган. Шуни айтиш керакки, арабча, форсча сўз ва ибораларнинг кўплаб қўлланиши ва услубий воситалар сабабли китобий тил жонли тилдан жиддий фарқ қилган. Ёзма адабиётнинг кам тарқалганлиги туфайли лаҳжа хусусиятлари сақланиб қолган. Бундай хусусиятлар адабий асарларда ҳам маълум даражада ўз аксини топган. Фарғона ва Мовароуннаҳрда ёзилган адабий асарлар тили билан Хоразмда ёзилган адабий асарлар тили уртасида маълум лаҳжавий фарқлар сезилиб турган.
Эски ўзбек тилининг илк шаклланиш даврида (13—14-асрлар) бу нарса яққол кўринар эди, кейинчалик эса бундай лаҳжавий хусусиятлар аралашиб кетади. Мас, Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» ва Саид Аҳмаднинг «Таашшуқнома» асарларида ўғуз лаҳжаси хусусиятлари, Қутбнинг «Хусрав ва Ширин» асарида қипчоқ лаҳжаси хусусияти ўз аксини топган бўлса, 16-асрга оид «Бобурнома»да қарлуқ, ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларининг хусусиятлари аралаш ҳодда қўлланган. Шу тариқа лаҳжа хусусиятлари астасекин йўқола бориб, 15—16-асрларда ягона, умумий адабий тил хусусиятлари асосий ўринни эгаллайди. Эски ўзбек адабий тили анча кенг ҳудудга ёйилиб, унинг барқарорлашган меъёрлари асосида ёзувчи ва шоирлар 19-аср охири — 20аср бошларигача ижод қилиб келдилар.
Эски ўзбек тили Алишер Навоий даврида, унинг асарларида ўз ривожининг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шоир ўзининг ўнлаб назмий ва насрий асарлари билан бу тилни камолотга етказди, уни давлат тили даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилди. У нафақат ўша ва кейинги даврлар ўзбек адабий тилининг асосчиси, ривожлантирувчиси, балки тадқиқотчиси ҳамдир. Навоий ўзининг «Муҳокамат уллуғатайн» асарида Эски ўзбек тили (туркий)ни форс тилига қиёслаш асосида унинг фонетик, лексик ва грамматик соҳаларда ривожланган тил эканлигини назарий жиҳатдан асослаб, кўрсатиб беради. Бобурнинг насрий асари «Бобурнома» Навоийнинг насрий асарларидан тилининг анча соддалиги, жонли тилга яқинлиги билан ҳатто ҳоз. замон ўқувчисига ҳам тушунарлидир. Алишер Навоийдан кейин яратилган насрий асарлар ва айрим достонларда Эски ўзбек тилининг анъанавий меъёрларидан бир оз узоқлашиш, уни халқ тилига яқинлаштириш тамойили кузатилади. Кўплаб шеърий асарларда, ғазалларда эса эски ўзбек адабий тили анъаналари давом этади. 19-асрнинг 2-ярмига келиб насрий асарларгина эмас, назмий асарлар ҳам жонли тилга яқинлашади. Муқимий, Фурқат, Завқий ва бошқалар шоирларнинг асарлари ана шулар жумласидандир. Айни шу давр, яъни 19-аср охири — 20-аср бошлари эски ўзбек адабий тилидан ҳоз. ўзбек адабий тилига ўтиш босқичи ҳисобланади.
Ад.: Боровков А. К., Алишер Навои как основоположник узбекского литературного язнка. — Сб.: «Алишер Навои», М. — Л., 1948; Муталлибов С, Морфология ва лексика тарихидан қисқача очерк, Т., 1959; Шчербак А. М., Грамматикастароузбекского язнка, М. —Л., 1962; Абдураҳмонов Ғ., Шукуров Ш., Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси, Т., 1973; Турсунов У., Ўринбоев Б., Ўзбек адабий тили тарихи, Т., 1982; Мухторов А., Санақулов У., Ўзбек адабий тили тарихи, Т., 1995.
Абдуваҳоб Мадвалиев, Эргаш Умаров.