ЭСПАРЦЕТ

ЭСПАРЦЕТ, баргак — дуккакдошлар оиласига мансуб бир ва кўп йиллик ўсимликлар туркуми, емхашак экини. 130 дан ортиқ ёввойи тури маълум, 75 тага яқин тури Россиянинг Европа қисмида, Ўрта Осиё, Кавказда ўрмон, чўл, тоғ минтақаларида кўп ўсади. Оддий ёки экма Эспарцет, қумлоқ Э. и ва Закавказье Э. и турлари экилади. Деярли ҳамма турлари чорва моллари учун яхши озуқа. Оддий Эспарцет илдизи ўқилдиз, тупроққа 3—6 м чуқурликкача кириб боради. Пояси ўтсимон, тик ўсади, бўйи 50—150 см, эгатчали, тукли, ичи, ковак, кам шохланади, 5 — 8 та бўғимли. Барглари мураккаб тоқ патсимон, иккита пардасимон ён барглари бор. Гули пуштиқизил, кўп гулли узун шингилга йиғилган, четдан чангланади, меваси бир уруғли дуккак, думалоқ, чатнамайди. Уруғи ловиясимон, оч жигарранг. 1000 та уруғи вазни 12—15 г. Э. кенг тарқалган озуқабоп ўсимлик, 100 кг пичанида турларига қараб 53,5—54 озуқа бирлиги ва 11,9—12,6 кг протеин мавжуд. Эспарцет гулширага бой, 120—170 кг/га асал йиғиш мумкин. Экилган далаларда тупроқни азот билан бойитади (100—200 кг/га азот тўплайди). Суғориладиган ерларда 150 ц/га пичан олиш мумкин.