ЭСПИРИТУСАНТУ

ЭСПИРИТУСАНТУ — Бразилиянинг шарқий қисмидаги штат. Майд. 46,2 минг км2. Аҳолиси 3,1 млн. киши (2000). Маъмурий маркази — Витория шаҳри Штатнинг ғарбий қисмини Бразилия ясситоғлиги, шарқини ботқоқлашган Атлантикабўйи пасттекислиги эгаллаган. Иклими тропик, пасттекисликда иссиқ ва сернам (ўртача ойлик тралар 20—26°, йиллик ёғин 1500—1700 мм), ясситоғликда салқинроқ, йиллик ёғин 1000—1200 мм. Сернам тропик ўрмонлар, соҳил қисмида аралаш тропик ўрмонлар бор.

Иқтисодиётининг асосини қ. х. ташкил қилади. Кофе, цитрус мевалар ва какао плантациялари бор. Шунингдек, шакарқамиш, шоли, маниок, дуккакли экинлар, маккажўхори, тамаки ҳам етиштирилади. Фойдали қазилмалардан таркибида торий, уран ва цирконий бўлган монацит қумлар, плавикли шпат, мармар конлари, минерал сувли булоқлар бор. Тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Қирғоққа яқин сувлардан балиқ овланади. Ташқи савдо айланмасида Витория денгиз порти муҳим аҳамиятга эга.