ЭТИЛ СПИРТИ

ЭТИЛ СПИРТИ (вино спирти, этанол) , С2Н5ОН — бир атомли алифатик спиртларнинг муҳим вакили. Мол. м. 46,069. Рангсиз, ўткир таъмли, спиртларга хос ҳидли суюқлик. Суюқланиш т-раси — 114,5°, қайнаш т-раси 78,39°, зичлиги 789,27° кг/м3 (20°да). Сув билан чексиз аралашади ва таркибида 95,57% спирт, 4,43% сув бўлган азеотроп аралашма ҳосил қилади. Абсолют соф спирт олишда 2 усулдан фойдаланилади. 1усулда сувли спиртга озроқ бензол қўшилади ва ҳосил бўлган аралашма фракциялаб ҳайдалади. Бунда аввал сув, спирт ва бензол аралашмаси, кейин спиртнинг бензол билан аралашмаси ва ниҳоят, охирида соф спирт ҳайдалади. 2усулда 96% ли спиртни кальций (П)оксид ёки қиздирилган мис (П)сульфат билан иситилади. Бунда сувнинг асосий массаси чиқиб кетади, спирт таркибида ушланиб қолган 0,2 — 0,3% сувни спиртга металл ҳолдаги кальций ёки магний қўшиб ҳайдаш йўли билан ажратилади.

Этил спирти саноатда таркибида қанд (шакар) бўлган моддалардан энзимлар ва ачитқилар таъсирида қуйидаги реакция орқали олинади: С6Н1206>2С2Н5ОН+2С02 Хом ашё сифатида глюкоза ёки узум шарбатидан фойдаланилганда таркибида 8 дан 16% гача Этил спирти бўлган узум виноси ҳосил бўлади. Кўпинча полисахаридлар (крахмал ёки целлюлоза) хом ашё сифатида қўлланади. Этил спиртини умумий формуласи (С6Н10О5)п бўлган полисахаридлардан ҳам олиш мумкин. Бунда улар тўла гидролизга учратилиб глюкозага, сўнгра спиртга айлантирилади. Крахмалли хом ашёлар сифатида бошокли ўсимликлар — буғдой, арпа, шоли, жўхоридан, шунингдек, картошкадан фойдаланилади.

Этил спирти саноатда бир неча йўллар билан синтез қилинади. Ёғоч гидролизатини ачитиш йўли билан гидролиз спирт и олинади. Унинг таркибида 2% гача заҳарли модда — метил спирти (метанол) бўлади. Сульфат кислота иштирокида этиленни гидратация қилиш реакциясидан ҳам Этил спирти олишда кенг фойдаланилади.

Баъзи мамлакатларда Этил спирти ацетилендан олинади. Бу усулда Кучеров реакцияси асосида ацетилен аввал сирка альдегидга ўтказилади, кейин уни гидрогенлаб Этил спиртига айлантирилади. Мазкур реакция мис ёки палладий катализатори иштирокида юқори трада олиб борилади: нс=нс+н2о > сн3сно > сн3сн2он Этил спирти дунёда энг кўп синтез қилинадиган ва қўлланадиган маҳсулотлардан бири ҳисобланади.

Ишлаб чиқарилган Этил спиртининг асосий қисми дивинил олишда, этил эфир, хлороформ, хлорал, ўта соф этилен, этилацетат, мураккаб эфирлар ва эритувчилар ишлаб чиқаришда қўлланади. Этил спирти тиббиётда, фармацевтикада, атирупа саноатида, бўёқчилиқда, антисептик воситалар тайёрлашда ишлатилади. Этил спирти — муҳим антифризлардан бири. Ундан озиқ-овқат саноатида, турли спиртли ичимликлар ва доривор дамламалар тайёрлашда ҳам фойдаланилади.

Этил спирти наркотик модда. Узоқ вақт истеъмол қилинса, нерв, меъдаичак, юрактомир системалари, жигар қаттиқ зарарланади.

Loading...