ЭТИМОН

ЭТИМОН (юн. — ҳақиқат) — ҳоз. тидда мавжуд муайян сўз ёки морфеманинг келиб чиқишига асос бўлган сўз, морфема ёки сўз бирикмаси; сўзнинг дастлабки маъноси ва шакли. Мас, қаттиқ сўзининг юзага келиш асоси қот (қотмоқ феъли) ва (и)қ аффикси бўлган. Ёки қишлоқ сўзи (аслида: қиш+ла+қ) қишда яшайдиган жой маъносини билдирган. Ҳоз. бу маъно кучсизланиб, сезилмас ҳолга келган; яп аффикси «йатип» (ётиб) дан юзага келган.

Этимонни аниқлаш этимологик тадқиқотларнинг асосий мақсадидир. Этимон вазифасини бажарган сўзнинг шакли ва маъноси кўпинча турли омиллар таъсирида ўзгариб кетади, бу ҳол унинг асл маъносини аниқлашни қийинлаштиради. Мас, қопламоқ (қопга солмоқ), қовоқ («кўзнинг устини қоплаб турадиган» маъносида), қовурға, қопқоқ, қопқон каби сўзларнинг Этимони «қоплаб, беркитиб турувчи» маъносидаги «қопламоқ» феълидир. Лексемаларнинг Этимон ини аниқлаш билан тилшуносликнинг этимология бўлими шуғулланади.