ЭТНОГЕНЕЗ

ЭТНОГЕНЕЗ (этно… ва …генез) халқнинг келиб чиқиши. Тарих фанидаги мавжуд илмий методологик ишланмага кўра, Этногенез деб илгаридан мавжуд бўлган бир неча этник компонентлар асосида янги этнос (элат)нинг вужудга келишига айтилади. «Этногенез» тушунчаси фанга илк маротаба 20-аср нинг 20-й. ларида Н. Я. Марр томонидан киритилган.

Ҳар бир халқнинг тарихи унинг Этногенези ва этник тарихи билан узвий боғлиқцир. Этногенез этник тарихнинг маълум босқичларида вужудга келиб маълум бир этноснинг элат, халқ бўлиб шаклланишига қадар бўлган даврда давом этадиган тарихий ва этномаданий жараёндир. Одатда, бирор бир халқнинг Этногенез ини, унинг этник қатламлари таркибини аниқламай туриб, у халқ ҳақида, у таркиб топган ҳудуд ва унинг давлатчилиги ҳақида бирор илмий тасаввур яратиш мумкин эмас.

Этногенез жараёнида этносни белгиловчи ҳудудий омиллар: тил ва этник ном бирлиги, этномаданий бирлик, ижтимоийиқтисодий ва хўжалик, этник ном (этноним) ҳамда ўзликни англаш бирлиги, сиёсий уюшма бирлиги, дин умумийлиги ва бошқалар қатор этник аломатлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу этник аломатлар ва белгиларнинг барчаси содир бўлгандагина этнос — халқ шаклланади, яъни Этногенез жараёни якунланади.

Аммо амалда бу этник аломатлар барчаси Этногенез жараёнида, яъни муайян бир вақтда ҳозир бўлиши ёки бир даврда муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлмаган. Жумладан, маълум бир халқнинг ташкил топишида тил бирлиги бош роль ўйнаган бўлса, иккинчи бир элатнинг шаклланиш жараёнида хўжалик, учинчисида эса моддий маданият етакчи белги бўлган.

Илмий адабиётларда кўрсатилишича, Этногенез жараённинг 2 усули мавжуд:

1) туб ерли (автохтон) этник компонентларнинг ўзаро яқинлашуви, уларнинг қўшилиб, биргаликда тараққий этиб бориши;

2) шаклланган ёки шаклланаётган этник бирликка бошқа ҳудудлардан кўчиб келган компонентларнинг маҳаллий аҳолига қўшилиши. Одатда, янги этноснинг шаклланиши жараёнида, яъни Этногенез босқичида ва ундан кейин ҳам ҳар хил тарихий ҳамда ижтимоий-иқтисодий сабабларга кўра, унинг таркибига янгиянги этник қатламлар қўшилиб боради. Янги этнос вужудга келгач, олдинги этник компонентлар аста-секин йўқолиб тарих майдонидан батамом чиқиб кетадилар (мас, саклар, массагетлар, тохарлар ва бошқалар) ёки қисман (этник таркиби ўзгарган ҳолда) сақланиб қоладилар. Шу ўринда таъкидлаш жоизки янги этник бирликнинг шаклланиш жараёнининг охирига етиши билан ҳам этник жараён тўхтаб қолмайди. Шаклланган этник бирликка турли даврларда янгиянги компонентларнинг қўшилиши ёки ундан ажралиб чиқиб кетиш ҳоллари этник бирлик шакллангандан кейин ҳам давом этади.

Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир халқ йўқки, у ўз Этногенез жараёнининг илк босқичларидан то миллат даражасига кўтарилгунича бошқа этник қўшилмаларсиз ривожланган бўлса. Жумладан, ўзбек халқининг Этногенези бунга яққол мисолдир. Ўзбек халқи Этногенез ининг илк босқичларидан то халқ сифатида шаклланиб бўлгунига қадар унинг асосий таркибини ташкил этган автохтон суғдийхоразмий ва қадимий туркий қатламлардан ташқари ўзига турли даврларда хилмахил миқдорда маҳаллий ва теварак атрофлардан келиб қўшилган этник гуруҳларни сингдириб борган. Демак, ер шаридаги барча халқлар келиб чиқиши жиҳатидан кўп этник қатламлидир.

Этногенезни тадқиқ қилишда (айниқса, унинг дастлабки босқичларини) этнология, этник антропология, археология, этнолингвистика, фольклор материалларни жалб қилган ҳолдаги комплекс ёндашувни талаб қилади.

Этногенезга оид бугунги кунда турлитуман қарашлар ва концепциялар мавжуд.

Жумладан, айрим мутахассислар (Л. Н. Гумилёв) этносни биофизик воқеийлик деб биладилар ва шу боис Этногенез тизимини табиий жараёнлар билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар. Мазкур концепцияга кўра, этнос биосферанинг таркибий қисми бўлгани боис ундаги қонуниятларга бўйсунади, Этногенез эса биосферада содир бўладиган жараёнларнинг бир қисми деб ҳисобланади.

Ад.: Бромлей Ю. В., Очерки теории этноса, М., 1982; Алексеев В. П., Историческая антропология и этногенез, М., 1989; Гумилев Л. Н., Этногенез и биосфера земли, М., 1992; Садохин А. П., Этнология, М., 2000; Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.

Адҳамжон Аширов.