ЭТЮД

ЭТЮД (франц. — айнан машқ, ўрганиш) — 1) тасвирий санъа тда борлиқ (натура)дан уни ўрганиш мақсадида яратилган асар. Ижодкор бадиий асар (рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика) яратиш жараёнида Этюддан ёрдамчи манба сифатида фойдаланади. Тугал асар Этюд мажмуаси сифатида ўзини намоён қилади. Реалистик тасвирий санъат асарларини яратиш Этюддан картинага ўтиш жараёнида амалга ошади. 19-аср ўрталаридан Этюдга муносабат ўзгарди, Этюдни бадиий қийматга эга бўлган асар даражасига қўтариш, ижодкорнинг ғоявий эстетик қарашларини ифодалашга интилиш қучайди. Йирик ижодкорларнинг Этюд лари кўпинча бадиий қийматга ва мустақил аҳамиятга эга;

2) мусиқада — чолғу ижрочилигининг муайян техник усулини қўллашга асосланган ва созанданинг малакасини оширишга мўлжалланган пьеса. 19-асрда мусиқа чолғўлари такомиллашуви ҳамда виртуоз ижрочилигининг юксалиши натижасида ривож топди (фортепиано учун И. Крамер, М. Клементи, К. Черни, скрипка учун Р. Крейцер, П. Роде, виолончель учун Д. Поппер Этюдлари ва бошқалар). Мусиқий романтизм вакиллари (Н. Паганини, Ф. Лист, Ф. Шопен, А. Скрябин, С. Рахманинов ва бошқалар) ижодида Этюд юксак бадиий концерт асари даражасига кўтарилди. Ўзбекистон композиторларидан Г. Мушель, Б. Гиенко, Сайфи Жалил (фортепиано учун), Т. Қурбонов (орган учун) ва бошқалар Этюд яратган;

3) театр педагогикасида актёрлик маҳоратини ривожлантириш ва мукаммаллаштиришга хизмат қиладиган машқ. Ўқитувчи олдиндан ишлаб чиққан ёки бадиҳа йўсинида яратган турли саҳна ҳаракатларидан ташкил топади.