ЭВЕНКЛАР МУХТОР ОКРУГИ

ЭВЕНКЛАР МУХТОР ОКРУГИ, Эвенкия — РФ Красноярск ўлкаси таркибидаги мухтор округ. 1930 йил 10 дек. да ташкил этилган. Шарқий Сибирда жойлашган. Майд. 767,6 минг км2.

Аҳолиси 17,7 минг киши (2002), асосан, эвенк, кет ва руслар, шунингдек, саха, украин ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 29,2%. 3 маъмурий туманга бўлинган. Маркази — Тура шаҳарчаси.

Табиати. Эвенклар мухтор округи Ўрта Сибирь ясситоғлигининг марказий қисмини эгаллайди. Округнинг баланд жойи — Путорана платоси (энг баланд жойи — Камен тоғи, 1701 м). Округда Тунгуска тошкўмир ҳавзасининг кўп қисми; Қуйи Тунгуска ва Тошлоқ Тунгуска атрофларида темир рудаси, рангли металлар, графит, исландия шпати, нефть, газ конлари бор. Иқлими кескин континентал. Қиши давомли, совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси Ванаварада — 26,9°, Турада — 36,8°. Июлники Турада 15,5°, Ванаварада 16,6°. Йиллик ёғин 300—500 мм. Вегетация даври шим. да 60 кун, жан. да 115 кун. Тўнгиб ётган ер кўп. Асосий дарёлари — Енисейнинг ўнг ирмоқлари: Қуйи ва Тошлоқ Тунгуска. Кўл (шу жумладан, Ессей, Виви, Агата) кўп. Тоғўрмон подзоллашган тупроқлар тарқалган. Ҳудудининг катта қисми тайга зонасида бўлиб, тилоғоч, қорақарағай, чекка шим. да сийрак ўрмонлар ва йўсинлишайник каби тундра ўсимликлари ўсади. Соболь, тийин, қўнғир айиқ, росомаха, бурундуқ, ондатра, латча, тулки, бўри, оқ товушқон, шим. буғуси, лось, карқур, қур, чил яшайди. Мил. ав. 2-минг йилликда эвенклар ҳоз. ҳудудда ўрнашганлар. Уларнинг асосий машғулотлари овчилик, буғучилик, балиқ овлаш бўлган. 17-асрнинг 1-ярмида Эвенклар мухтор округи ҳудудини Россия эгаллади. Шундан кейин ясоқ солиғи жорий этилди, талончилик сиёсати оқибатида туб аҳолининг асосий қисми қирилиб кетди. 1930—32 йилларда геологлар топган тошкўмир, исландия шпати, қурилиш материаллари ва туз каби фойдали қазилма конлари асосида саноат ишлаб чиқариш вужудга кедди. Эвенклар мухтор округи ҳудудида Путорана, Тунгус, марказий Сибирь қўриқхоналари бор.

Эвенклар мухтор округида озиқ-овқат, ўрмон, ёғочсозлик, целлюлоза-қоғоз, электроэнергетика, ёқилғи, полиграфия, машинасозлик ва металлсозлик, кончилик саноатлари ривожланган. Округнинг асосий хўжалик тармоклари — мўйначилик ва буғучилик. Э. м. о. Красноярск ўлкасида тайёрланадиган мўйнанинг 13% ни (соболь, кумушрангқора тулки, оқ сувсар, тийин, ондатра) беради. Мўйна тайёрлашнинг 55% ни ов маҳсулотлари, 45% ни даррандачилик ташкил қилади. Даррандачилик фермаларида қора тўлки ва кўк тулки боқилади. Красноярск ўлкасидаги буғуюшг У3 қисмига яқини Эвенклар мухтор округи ҳиссасига тўғри келади. Кончилик р-нларида буғу яйловлари деградацияга учраган. Табиий шароити аҳоли яшаши учун анча ноқулай. Сут чорвачилиги ва деҳқончилик (картошка, сабзавот), балиқ овлаш ривожланган.

Қуйи Тунгуска ва Тошлоқ Тунгуска дарёларида кема қатнайди. Авиатранспорт ривожланган. Қаттиқ қопламали автомобиль йўллари уз. 117 км. Буғу транспорти катта аҳамиятга эга. Округ ўлкашунослик музейи, театр фаолият кўрсатади.

Loading...