ЭВФЕМИЗМ

ЭВФЕМИЗМ (юн. еирпегша — юмшоқ ифодалаш) — сўзловчига айтиш ноқулай, ноўрин ёки қўпол туюлган сўз ва ибораларнинг синоними сифатида пайдо бўлган сўзлар. Эвфемизм салбий воқеликни аташдан қочиш, шундай воқеликнинг салбий таъсирини юмшатиш учун хизмат қилиб, кишининг иззатнафсига тегадиган, унга малол келадиган, ҳурматсизлик ифодалайдиган, ахлоқий меъёрларга зид келадиган ҳолатларнинг ёки тўғридантўғри айтиш мумкин бўлмаган махфий воқеликларнинг салбий таъсирини камайтириш, уларни яшириш, беркитиш; нохуш хабарни беозорроқ, юмшоқроқ шаклда етказиш, ифодалаш учун ишлатилади. Мас, ўлди дейиш ўрнига оламдан ўтди, кўз юмди, вафот этди; туғди дейиш ўрнига кўзи ёриди, енгиллашди каби иборалардан фойдаланиш. Тилда Эвфемизмнинг қўлланиши табу ҳодисаси билан боғлиқ ҳолда тарихийэтнографик ҳодиса сифатида шаклланган. Эвфемизм халқлардаги урф-одат, маданий савиянинг даражаси, эстетик дид ва этник меъёрларнинг ривожланиши билан боғлиқ. Тилнинг тараққиёти билан унинг эвфемистик қатлами ҳам ривожланади. Янгича ахлоқодоб, янгича дунёқараш меъёрлари асосида Эвфемизмнинг янги янги шакллари юзага келади. Тилда муайян нутқ вазияти талаби билан вужудга келган Эвфемизм ҳам мавжудки, уларнинг маъноси кўпинча матн орқали ойдинлашади. Мас, «Раънони эгасига топширмагунимизча, — деди Нигор ойим, — қуйилмайдиганга ўхшайди» (А. Қодирий) жумласида нутқ одоби нуқтаи назаридан эрга бермоқ ибораси ўрнида эгасига топширмоқ шаклидаги Эвфемизм қўлланган. Эвфемизм илмий ва расмий услубларда кенг қўлланади.

Ад. \ Шомақсудов А., Расулов И., Қўнғуров Р., Рустамов Ҳ., Ўзбек тили стилистикаси, Т., 1983; Омонтурдиев А., Ўзбек нутқининг эвфемик асослари, Т., 2000. Неъмат Маҳкамов.

Loading...