ЭВОЛЮЦИОН ТАЪЛИМОТ, эволюция назарияси — тирик организмлар эволюцияси сабаблари, ҳаракатлантирувчи кучлари, механизмлари ва умумий қонуниятлари тўғрисидаги фан. Э. т. биологиянинг назарий асоси, хусусий биол. фанларидан олган натижаларни умумлаштиради. Эволюцион таълимот ривожланишининг мушоҳидага асосланган 1-даври қадимий дунё файласуфлари Гераклит, Эмпедокл, Демокрит, Лукреций ва бошқаларнинг ишлари билан боғлиқ. Улар биринчи бўлиб бутун борлиқнинг, жумладан, организмларнинг тарихий ўзгариши тўғрисида фикр билдиришган. Бундай қарашлар 17 — 19-асрлар бошларида яшаган трансформизм тарафдорлари Р. Гук, Э. Дарвин, Д. Дидро, Ж. Бюффон, Э. Жоффруа СентИлер, И. В. Гёте ва К. Ф. Рулье ишларида янада ривожлантирилди. Трансформистлар ягона системага эга бўлган таълимот ярата олмаган бўлсаларда, Эволюцион таълимот ўрганадиган асосий муаммоларни кўрсатиб беришди. Бу муаммолар организмлар тузилиши ва хилмахиллиги, турлар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутлар, тирикликнинг прогрессив эволюцияси билан бир қаторда турли тузилиш даражасига эга бўлган организмларнинг яшаб келаётганлиги; айрим турлар ва гурухдарнинг қирилиб кетиши сабабларини аниқлашдан иборат. Бу муаммоларнинг тушуниб олиниши ва илм-фаннинг ривожланиши Эволюцион таълимотнинг янги тарихий даври — эволюциянинг дастлабки концепциялари шаклланишига замин тайёрлади. Бу концепциянинг биринчисини Ж. Ъ. Ламарк яратди (1809). Кейинчалик ламаркизм деб аталган концепцияда ҳам прогрессив ривожланиш ва мосланувчанликка организмларнинг олдиндан белгилаб берилган хусусияти сифатида телеологик ва метафизик нуқтаи назардан қаралади. Ч. Дарвин яратган эволюция назарияси (1859) Эволюцион таълимот учун илмий замин бўлди. Дарвин организмлар эволюциясининг ҳаракатлантирувчи кучлари — яшаш учун кураш ва ундан келиб чиқадиган табиий танланиш эканлигини кўрсатиш орқали биринчи бўлиб Эволюцион таълимотнинг асосий муаммоларини илмий нуқтаи назардан ҳал этди. Дарвинизмнинг пайдо бўлиши билан бир вақтда унинг душманлари — идеалистик ва телеологик концепциялар тарафдорлари 20-асрнинг 2-ярмида ламаркизмнинг айрим ақидаларини яна қайтадан тиклашди (қ. Неоламаркизм). Аммо янги далиллар тўпланиши туфайли дарвинизм тобора кенг ёйилиб, деярли барча илм аҳиллари томонидан тан олинди.
Эволюцион таълимотнинг Ч. Дарвиндан кейинги ривожланиши эволюция механизмлари ва қонуниятларини тахлил қилишдан иборат бўлди. Замонавий нуқтаи назардан мутация ва табиий танланиш эволюциянинг энг асосий омили ҳисобланади. Бу омилларнинг биргалиқцаги таъсири эволюция жараёни амалга оширилишининг асосий шарти ҳисобланади. Табиий танланиш бевосита организмлар фенотипига таъсир этади; натижада айрим генлар ёки аллеллар эмас, балки муайян реакция меъёрига эга бўлган бир бутун генотиплар танланади. Эволюциянинг элементар бирлиги популяциялар ҳисобланади. Генетик жиҳатдан эволюция популяция генофондининг муайян йўналишда ўзгариши (микроэволюция) дан иборат. Ташқи муҳит шароити ўзгариши хусусиятига қараб популяцияга ҳаракатлантирувчи, турғунлаштирувчи ёки дизруптив танланиш таъсир кўрсатиши мумкин. Танланиш тур индивидлар онтогенезининг (қ. Онтогенез) ҳамма даврида ҳам таъсир этиши мумкин; филогенез онтогенознинг генетик қаторларидан иборат.
Макроэволюция — турдан юқори гуруҳлар ичида кечадиган микроэволюцион жараёнлар интеграциясидан иборат эволюцион жараён. Макроэволюцияда филогенезнинг умумий қонуниятлари ва йўналишлари намоён бўлади. Организмлар муайян гуруҳлари эволюцион ўзгаришларининг йўналишлари табиий танланиш билан бир қаторда муайян турнинг тузилиши (генетик системаси, онтогенези ва фенотипи) хусусиятлари билан боғлиқ бўлган эволюцион чекланиш ва тақиқлар орқали ҳам белгиланади.
20-асрнинг 30-й. ларида шаклланган микро ва макроэволюция тўғрисидаги тасаввурлар эволюциянинг синтетик назарияси дейилади. Замонавий Эволюцион таълимот фан сифатида эволюцион қарашларнинг ривожланиши, ҳар хил янги эволюцион фаразлар ва концепциялар (жумладан, табиий танланишни эволюциянинг бош омили сифатида тан олмайдиган концепциялар)ни ўз ичига олади. Ҳоз. Эволюцион таълимот ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйди. Бу даврнинг асосий вазифаси эволюцион жараёнлар механизмини очиш орқали организмларнинг эволюцион ўзгаришини олдиндан айтиб бериш ва ана шу асосда эволюция жараёнини бошқаришдан иборат (яна қ. Дарвинизм, Прогресс).