ЭВОЛЮЦИЯ

ЭВОЛЮЦИЯ (биологияда) тирик организмларнинг тарихий ўзгариши. Эволюцияда табиий танланиш таъсирида мутациялардан организмларнинг ташқи муҳит шароитига мосланишига олиб келадиган белгилар ва хусусиятлар комбинацияси шаклланади. Эволюцион ўзгаришлар дастлаб йўналтирилган ўзгаришлар тарзида популяцияларда намоён бўлади (қ. Микроэволюиия). Эволюциянинг элементар омиллари қаторига мутация ва табиий танланиш билан бирга популяциялардаги индивидлар сонининг ўзгариб туриши ва популяцияларнинг алоҳидаланиши (қ. Генлар дрейфи), шунингдек, мейотик драйв (гетерозиготаларнинг ажралишида генлар частотасига нисбатан тасодифан тақсимланишнинг бузилиши) ҳам киради. Популяциялардаги эволюцион ўзгариш янги турларнинг ҳосил бўлишига (қ. Тур ҳосил бўлиши) ёки турининг ўзгаришига олиб келади. Эволюция сабаблари, ҳаракатлантирувчи кучлари, механизмлари, тезлиги ва унинг умумий қонуниятлари эволюцион биол. ўрганади (қ. Эволюцион таъаимот). Баъзан «Эволюция» терминининг филогенез термини синоними сифатида ҳам қўлланилади. «Эволюция» сўзи биринчи марта Швейцария табиатшуноси ва файласуфи Ш. Боннэ (1762) томонидан эмбриологияга оид ишларда қўлланган.