ЭВРИСТИКА

ЭВРИСТИКА (юн. пештзко — излайман, топаман) — 1) масала ечишнинг махсус усуллари (эвристик усуллар). Масалани аниқ математик моделларга таяниб ва анъанавий усуллардан фойдаланиб ечишнинг акси. Эвристик усуллардан фойдаланиш масалани ечиш вақтини анча қисқартиради. Бундай усулда олинган ечим энг тўғри ечим ҳисобланмайди, балки мумкин бўлган ечимлардан бири бўлади. Кўпинча, Эвристика ёрдамида қўйилган мақсадга эришиб бўлмайди. Баъзан психологик ва кибернетик адабиётда эвристик усулларга масалалар ечишнинг индуктив усуллари сифатида тушунилади;

2) ЭҲМ (компьютер) учун дастурлар тузиш усули (эвристик дастурлаш). Агар оддий дастурлар тузиш усулида дастурчи масалани ечишнинг тайёр мат. усулини ЭҲМ га «тушунарли» шаклга кодласа, эвристик дастурлашда у масалани ечишнинг интуитив (ҳис қилиб) тушуниладиган усулини шакллантиришга интилади. Бу усул ҳам олдинга қўйилган вазифани мутлақ ҳал қилишга имкон бермайди;

3) маҳсулдор ижодий фикрлаш (тафаккур) жараёнини ташкил қилиш (эвристик фаолият);

4) эвристик фаолиятни ўрганадиган предмет; фикрлаш ҳақидаги фаннинг махсус бўлими. Фан сифатида психология, сунъий интеллект назарияси, структуравий лингвистика, ахборотлар назарияси предметларининг омихтаси сифатида ривожланади;

5) махсус ўқитиш усули (Суқрот суҳбатлари) ёки муаммоларни кўплашиб ҳал қилиш. Бунда таълим олаётган кишиларга йўналтирувчи қўшимча саволлар ва мисоллар берилади. Мураккаб муаммоларни кўплашиб ҳал қилишда ғоя муаллифига иштирокчилар йўналтирувчи саволлар, мисоллар, акс мисоллар беришади.