ЭЙФЕЛЬ МИНОРАСИ

ЭЙФЕЛЬ МИНОРАСИ — А. Г. Эйфель лойиҳаси бўйича Парижда қурилган металл минора. 19-аср техникаси ютуғи рамзи сифатида Жаҳон кўргазмаси (1889) учун қурилган. 1931 йилгача дунёнинг энг баланд ва оғир иншооти ҳисобланган (бал. 300 м га яқин, массаси 9 минг тонна, шундан 7,3 минг тоннаси металл конструкциялар). Миноранинг қуйи қисми квадрат пирамида шаклида, учида павильон ва маёқ бор, тепасида. диаметри 1,7 м ли майдонча қурилган. Радиоэшиттириш ва телекўрсатувларнинг муҳим маркази ҳисобланади. Эйфель минорасини қуришда металл конструкцияларни монтаж қилишнинг ўша давр учун энг илғор ҳисобланган усуллари қўлланган. Эйфель минораси Париж аҳолиси ва сайёҳлар учун энг қизиқарли кўнгилочар маскан ҳисобланади.