ЭЙНШТЕЙН

ЭЙНШТЕЙН Альберт (1879.14.3, Ульм, Германия — 1955. 18.4, Принстон, АҚШ) — назариётчи физик олим, нисбийлик назарияси асосчиси, майдон кванш назарияси ва статистик физика асосчиларидан бири. Цюрих политехникумини тугатган. Цюрих ун-ти (1909) ва Берлин ун-ти Бавария ФА физика институти дирек тори (1914-33). 1933 й. дан то умрининг охиригача Принстон ин-тида (АҚШ) ишлаган.

Илмий ишлари асосан нисбийлик назариясига доир. Эйнштейн масса ва энергиянинг ўзаро боғлиқлиги қонунини кашф қилган (1905). Майдон квант назариясининг яратилишида Эйнштейннинг ҳиссаси жуда катта. Ёруғлик нурланишини ёруғлик квантлари ёки фотонлар оқимидан иборат, деб ҳисоблаб, ёруғлик нурланишининг дискретлиги, квант структурага эга эканлиги ҳақидаги тасаввурни фанга киритган, Броун ҳаракатининг молекулярстатистик назариясини ривожлантирган (1905), фотонни назарий жиҳатдан кашф қилган. Квант назария асосида т-ра пасайиши билан қаттиқ жисм иссиқлик сиғимининг камайишини (1907), мувозанатли нурланиш энергиясининг флуктуациясини биринчи марта кўриб чиққан (1909); фотоэффектив, флюоресценция учун Стокс қоидасини, фитоионланиш ва бошқаларни тушунтириб берган (1912), фотокимёнинг асосий қонуни (Эйнштейн қонуни) ни очган (1912), нурланиш учун корпускуляр-тўлқин дуализм, индукцияланган (мажбурий) нурланиш ҳодисасини олдиндан айтиб берган (1916). Эйнштейн жисмлар магнитланганда механик моменти ўзгариши ҳодисасини башорат қилган ва тажрибада кўрсатган (нидерланд физиги В. де Хааз билан ҳамкорликда, 1915). Эйнштейн гравитацион тўлқинлар ҳақида постулат қабул қилиб (1916), гравитацион нурланиш қуввати формуласини келтириб чиқарган (1918). Бутўн спинли зарраларнинг квант статистикаси (БозеЭйнштейн статистикаси)ни яратган (1924—25). 1933 йилдан космология ва майдоннинг ягона назарияси билан шуғулланган. Эйнштейн ижтимоийсиёсий воқеаларни ҳам кузатиб борган. У уруш ва фашизмга қарши чиққан. Эйнштейн 1940 йилда фашистлар Германиясида ядро қуроли борлиги тўғрисида АҚШ президенти Ф. Рузвельтга хат ёзди. У ядро қуролининг қўлланилишига қарши бўлган. Эйнштейннинг илмий ишлари ҳозирги замон физикасининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Нобель мукофоти лауреати (1921).

Loading...