Ф — ўзбек Кирилл алифбосининг йигирма иккинчи ҳарфи; сирғалувчи, лаб-тиш, шовқинли жарангсиз ундош товушни ифодалайди. Сўз боши (фойда, фуқаро, футбол), ўртаси (офтоб, ҳафта, шифер) ва охири (алиф, такаллуф, шараф) да кела олади. Асосан, араб, форс тилларидан ўзлашган сўзларда, рус тили орқали олинган байналмилал сўзларда учрайди. Талаффузда, шеваларда ва оғзаки нуткда ф товуши кўпинча п товушига, баъзан б товушига алмашинади (фабрика > пабрика, Фотима > Потима, дафтар > даптар, садаф > садап; афзал > абзал ва б.), лекин бу ҳодиса ёзув (имло) да акс этмайди.
Ф ҳарфи авесто, туркий (уйғур) ёзувларида, шунингдек, араб ва лотин алифболари асосидаги ўзбек ёзувида ўзига хос кўринишларга эга.