ФАГОЦИТОЗ

ФАГОЦИТОЗ (юн. phagos — ейиш, озикланиш ва cytos — ҳужайра) — бир ҳужайрали организмлар ёки кўп ҳужайралиларнинг айрим ҳужайралари томонидан бегона микроскопик тирик организмлар (бактериялар, ҳужайра парчалари), қаттиқзаррачаларнингфаол қамраб олиниши ва ютилиши (Пиноцитоз билан солиштиринг). Заррачаларни қамраб олиб ҳазм қилиш хусусияти тубан организмлар озикланишининг асосини ташкил этади. Бу хусусият эволюция давомида бириктирувчи тўқиманинг муҳофаза функциясини бажарадиган ихтисослашган ҳужайралар — фагоцитларга ўтган. Фагоцитоз ҳодисасини дастлаб И. И. Мечников аниклаган (1882). Айрим ҳайвонлар ооцитлари, йўлдош ҳужайралари, тана бўшлиғи деворини қоплаб турадиган ҳужайралар ва кўз эпителийси пигмента ҳам фаол Фагоцитоз қилиш хусусиятига эга. Фагоцитоз кетмакет келадиган бир неча жараёнлар: Ф. қилинаётган объектга яқинлашув, объектнинг фагоцит ҳужайра сиртига ўрнашиб олиши, ютилиши ва ҳазм қилинишидан иборат. Фагоцитозда ҳужайра мембранаси ёт заррачаларни ўраб олади ва цитоплазма ичига сўриб олиб, фагосомалар ҳосил қилади. Лизосомадан фагосомага гидролитик ферментлар келиб қуйилади, ютилган объектни ҳазм қилади. Ҳазм қилинмаган озиқ қолдиғи узоқ вақт ҳужайра ичида қолиши мумкин. Фагоцитоз, асосан, яллиғланиш жараёнларида, жароҳатнинг битиб кетишида носпецифик иммунитет сифатида муҳим аҳамиятга эга. Баъзан «Фагоцитоз» ва «пиноцитоз» терминлари эндоцитоз номи билан ягона тушунчага бирлаштирилади (яна қ. Лизосома).

Prev Article

ФАБУЛА

Next Article

ФАЁЗОВ