ФАМИЛИЯ

ФАМИЛИЯ (лот. familia — оила) — 1) Қад. Римда қонқариндошлар билан бирга қулларни ҳам ўз ичига олган оиланинг хўжаликҳуқуқий муносабатларини ўзида мужассамлаштирган номи;

2) бола туғилганда, фарзандликка олинганда, олдинги Фамилия ўзгартирилганда, никоҳдан ўтганда қабул қилинадиган ва наслдан наслга ўтадиган оилавий ном. Одатда, шахс отларига қўшилиб келиб, шу шахснинг наслини билдиради. Илк Фамилиялар шахс туғилган ёки унинг «наслий мероси» жойлашган жой номига нисбатан бериш орқали ясалган. Ғарбий Европада Фамилия қўллаш 15-а. дан одат тусига кирди ва, асосан, юқори табақа орасида тарқалди. Ўзбекларда ўтмишда ҳоз. маънодаги Фамилия бўлган эмас. Лекин Фамилия ва отанинг номини билдириш учун қўлланган воситалар қадимдан мавжуд эди. 6—7-а. лардан ота исмидан кейин «ўғли», «қизи» сўзларини келтириш орқали (мас, Байна Сангнун ўғли), кейинроқ айни вақтда араблар таъсирида «ибн» (ўғли) (мас, Аҳмад ибн Муҳаммад), «бинт» (қизи) каби арабча сўзлар ёрдамида номлашлар бўлган. 20-а. нинг 20—30-й. ларида ўзбекларнинг Фамилиялари, асосан, Аҳмад Фозил ўғли, Хакима Фозил қизи тарзида юритилган. Шунингдек, бу даврда зиёлилар орасида қисман «зода» (Ҳамза Ҳакимзода, Турғун Шарифзода), «ий», «вий», «ия», «вия» (Абдулла Қодирий, Абдулла Алавий, Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия) қўшимчалари орқали исм Фамилия, тахаллуслар ясаш ҳам одат бўлган; баъзида қўшимчаларсиз ҳам қуйидаги шаклда аталган: Парда Турсун, Султон Жўра, Илёс Муслим. 30-й. ларнинг ўртаси ва 40-й. лардан ов, (ова), ев (ева) қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинган Фамилиялар ўзбекларда муайян тартибга айланиб, кейинроқ қатъий қоида қилиб олинди. Мустақиллик давригача Фамилия ясашнинг шундан бошқа барча миллиймаҳаллий шаклларини расмий равишда ёзиш ман қилинган эди. Бу қоидага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идоралари, паспорт бўлимларида қатъий амал қилиб келинди. Мустақиллик кишиларга Фамилия ва ота исмини, уларнинг шаклини эркин танлаш ҳуқуқини ҳам берди. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига кўра, ҳар бир фуқаро ўз Фамилия сига эга бўлиши зарур. Бундай зарурият фуқарони жамиятнинг бошка аъзоларидан ажратиб туришда, унга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашда ва уни ҳуқуқ субъекти сифатида тан олишда муҳим аҳамиятга эга. Фуқаронинг Фамилияси у туғилган пайтда туғилганлик ҳолатини қайд этиш гувоҳномасида расмийлаштирилади ва ота ёки она томонидан ёки уларнинг келишувига кўра танланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 69моддасига мувофиқ, бола исм, ота исм ва Фамилия олиш ҳуқуқига эга. Фукаронинг Фамилияси унинг ҳаёти давомида ўзгартирилиши ҳам мумкин. Бола 10 ёшга тўлгунча унинг Фамилияси отаона томонидан боланинг розилиги билан ўзгартирилса, 16 ёшга тўлган фуқаро отаонасининг розилиги билан ўз Фамилия сини ўзгартиради. 18 ёшга тўлган фуқаро эса, тўла муомала лаёқатига эга бўлгач, ҳеч кимнинг розилигисиз Фамилия сини узгартиришга ҳақли. Никоҳдан ўтиш пайтида эр ёки хотин уз Фамилия сини ўзгартириши мумкин. Фамилия ўзгартирилаётганда қонун ҳужжатларида кўзда тутилган талабларга амал қилиш зарур. Фуқаронинг Фамилияси унинг шахсий номулкий ҳуқуқи бўлиб фуқаролик ва оила қонунчилиги томонидан муҳофаза этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апр. 171сонли қарори билан тасдикланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш» қоидаларида Фамилияни белгилаш ва узгартириш тартиби белгиланган.

Ад.: Бегматов Э. А., Ўзбек исмлари, Т., 1998.

Loading...