ФАРҒОНА ТИЗМАСИ

ФАРҒОНА ТИЗМАСИ — Марказий Тяньшаннинг ғарбий қисмидаги (Қирғизистон) тоғ тизмаси. Фарғона водийсини Ички Тяньшандан ажратиб туради. Шим. ғарбда ИсфанжойловБойбошота тоғ тугунидан бошланиб, Кичик Олай тизмасининг шарқида Тузбел довонида (3934 м) тугайди. Уз. 225 км, энг кенг жойи 90 км дан зиёд. Бал. 3000 м. Энг баланд жойи 4692 м. Кўндаланг профили ассиметрик: жан-ғарбий ён бағри узун ва қия, шим. шарқий ён бағри калта ва тик. Ғарбий ён бафида Ўзган ва Кучари сойликлари, шарқий ён бағрида Кўкийрим, Арпа сойликлари бор. Ф. т. дан Қорадарё, Ясси, Кучари, Қораунгур, Қорақулжа, Олабуқа ва б. дарёлар оқиб тушади. Тектоник жиҳатдан Фарғона тизмаси герцин бурмаланиши босқичида шаклланган антиклинорийдир. Сланец, конгломерат, қумтош, оҳактош, метаморфик ва чўкинди ҳамда габбро, диабаз каби отқинди тоғ жинсларидан ташкил топган. Жан. ғарбий ён бағрининг қуйи қисмларида мезокайнозой даври отқинди тоғ жинслари кенг тарқалган. Иқлими шим. шарқий қисмида кескин континентал, ёғин миқдори кам, жан. ғарбий ён бағрида эса мўътадил, ёғин миқдори мўл (700—1000 мм). Фарғона тизмасида, асосан, жан. шарқий қисмида музлик кўп (сони 156 та, майд. 125 км2). Фарғона тизмасида бўз, дашт, жигарранг, тоғўрмон, қўнғир, тоғўтлоқ, субальп ва альп тупроқлар тарқалган. Тизманинг жан. ён бағриларида мевали ўрмонлар (ер ёнғоқ, ёввойи олма, нок, ғайноли, писта ва б.), игна баргли дарахтлар, арчазорлар, буталардан зирк, наъматак, баланд қисмларида субальп ва альп ўтлоқлари мавжуд. Ёввойи ҳайвонлардан қизил бўри, тулки, барс, тоғ эчкиси ва қўйи, турли қушлар, судралиб юрувчилар учрайди.

Фарғона тизмасининг жан. ғарбий ён бағрида кўмир, тоғ олди қисмида нефтьгаз конлари очилган.

Мурод Маматқулов.