ФАРҒОНА ТУМАНИ

ФАРҒОНА ТУМАНИФарғона вилоятидаги туман. 1926 й. 29 сент. да ташкил қилинган. 1962 й. 24 дек. да Қува туманига қўшиб юборилган. 1964 й. 22 фев. да қайта тузилган. Шим. дан Марғилон ва Фарғона ш. лари, шарқдан Қува тумани ва Қувасой ш., жан. шарқ ва жан. дан Қирғизистон Республикаси, шим. ғарбдан. Олтиариқ тумани билан чегарадош. Майд. 0,62 минг км2. Аҳолиси 168,5 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳарча (Чимён), 13 фуқаролар йиғини (Аввал, Гулшан, Дамкўл, Водил, Каптархона, Лоғон, Сойбўйи, Миндон, Навкат, Оқбилол, Хонқиз, Чекшўра, Чимён) бор. Туман маркази — Водил қишлоғи.

Табиати. Туман ҳудуди вилоятнинг жан. қисмида, ПомирОлай тоғлари этакларида жойлашган. Рельефи жан. да қирадирлар (Хонтахт, Сариқучма, Каттакам, Кичиккам, Номозгўй, Хирмонжой) билан банд. Тоғлардан Олтиариқсой, Файзободсой, Чимёнсой оқиб тушади. Шим., асосан, текисликдан иборат. Фойдали қазилмалардан нефть, табиий газ, оҳактош, мармар бор. Минерал булоқ кўп. Иклими континентал. Янв. нинг ўртача траси —2,7°, энг паст т-ра —27°. Июлнинг ўртача траси 26,4°, энг юқори т-ра 42°. Йиллик ёғин миқдори 174 мм. Вегетация даври 240 кун.

Тупроқлари, асосан, ўтлоқи бўз тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан шувоқ, янтоқ, қовул, ялпиз, чангал, лолақизғалдоқ, бангидевона, ажриқ, итузум, итқўноқ, бурган, бўзтикан, отқулоқ, айиқтовон, қўзға, қамиш, дўлана, шўра ва б. усади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки, суғур, қуён, жайран, қобон, жайра, юмронқозиқ, каламуш, ҳар хил илонлар, эчкемар, сичқон; қушлардан каклик, бедана, булбул, ўрдак, ғоз, каптар, лайлак, мусича, чумчуқ, қалдирғоч, майна, зағизғон, олақарға, сор, қирғий, қизилиштон, тўрғай, зарғалдоқ, қарқуноқ, бойўғли ва б. қушлар бор.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, татар, қирғиз ва б. миллат вакиллари хам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 271,8 киши. Шаҳар аҳолиси 3,4 минг киши, қишлоқ аҳолиси 165,1 минг киши (2004).

Хўжалиги. Туманда саноат корхоналари, шу жумладан, таъмирлашмеханика з-ди (Чимён), МТП, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, 394 кичик, 2 қўшма корхона, пиллани қайта ишлаш з-ди ва б. бор. Қ. х. пахтачилик, сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик (айниқса, малинаси машҳур), чорвачилик ва пиллачиликка ихтисослашган. Ширкат хўжаликлари, 293 фермер хўжалиги мавжуд. Туман хўжаликларида пахта, картошка, сабзавот, дон, озуқа экинлари экилади. Тумандаги шахсий ва жамоа хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

61 умумий таълим, мусиқа мактаблари, лицей, 4 касбҳунар коллежи, марказий кутубхона ва унинг тармоқлари, маданият уйи, 11 клуб муассасаси, 2 музей ишлаб турибди. Марказий стадион, спорт заллари, футбол майдонлари бор. Марказий касалхона, поликлиника, туғруқхона, қишлоқ врачлик пунктлари, дорихоналар ва б. тиббий муассасалар фаолият кўрсатади. «Чимён», «Зилол», «Нурафшон» ва б. санаторийлар ишлаб турибди. Фарғона — Шоҳимардон, Водил—Олтиариқ автомобиль йўллари ўтган. 1932 й. дан «Шонли меҳнат» туман газ. нашр этилади.

Тоир Абдураимов.

Loading...