ФАРҒОНА

ФАРҒОНА (1907 й. гача — Янги Марғилон; 1907 — 1924 й. ларда Скобелев, маҳаллий талаффузда — Искобил деб аталган. Подшо Россиясининг Ўрта Осиёни босиб олишда ва кейинги йилларда кўплаб қирғинбаротлар уюштирган генерали М. Д. Скобелев номига қўйилган) — Фарғона вилоятининг маъмурий, иктисодий ва маданий маркази, республиканинг йирик шаҳарларидан бири. Майд. 0,09 минг км2. Аҳолиси 222,4 минг киши (2004, Фарғона водийсидаги шаҳарлар ичида аҳоли сони бўйича 3-ўринда). Шаҳар Фарғона водийсининг жан. қисмида, Олай тоғларининг этагида, 580 м баландликда жойлашган. Иклими континентал. Ўртача йиллик т-ра 13°. Янв. нинг ўртача траси —2,7°, июлники 26,4°. Энг паст т-ра 27°, энг юқори т-ра 42°. Йилига 192 мм ёғин тушади. Ёғиннинг кўп қисми қиш ва баҳор фаслларида ёғади. Ғарбдан баъзан қаттиқ шамол ва гармсел, Олай тоғи (Шоҳимардонсой водийси)дан тоғводий шамоли эсади.

Фарғона сўзининг келиб чиқиши тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Олимлар «Фарғона» сўзининг бундан 13 аср илгари суғд ёзувларида «Парғана», «Прағана» шаклларида ёзилганлигини ҳамда ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят»; форс тилларида «тоғ оралиғидаги водий», «атрофи берк сойлик» деган маъноларга эга бўлганлигини таъкидлайдилар.

1876 й. Россия империяси Қўқон хонлигини йўқотиб унинг ҳудудида Фарғона вилоятини тузгач, маъмурий марказ қуриш учун Марғилондан 10 км жан. да жойлашган Ёрмозор ва собиқ Сим, Чиринган қишлоқлари ўрнини танлади. Шаҳар қурилиши лойиҳа бўйича 1877 й. июнда бошланди. Қурилиш ҳаражатлари, асосан, меҳнаткашлар зиммасига юкланди (солиқ солинди). Бу шаҳарни катта майдонни қуршаб олган қалъа ичида қуриш кўзда тутилди. Қалъадан шим. ғарб ва ғарбга томон радиус шаклида учта узун кўча қурилди. Улардан бири эски Марғилон томонга йўналди. Бу кўчалар параллел тор кўчалар билан туташтирилди. Генерал-губернатор шаҳарни Янги Марғилон деб аташни буюрди. Шаҳарнинг қурилиши 1904 й. да якунланди. Янги Марғилон, асосан, Марғилонсойнинг чап соҳилида жойлашди. Ўнг соҳили бозор учун мўлжалланди. Шаҳарнинг жан. қисмида казармалар қурилди, ғарбий қисмида ҳарбий бошқарма жойлаштирилди. 1880 й. да бу бошқарма ёзги ҳарбий лагерга ўзгартирилди.

Шаҳар кўчаларининг ҳар икки томонига дарахт экилди. Шаҳарда саноат корхоналари қурилмади. 1898 й. Самарқанд—Андижон т. й. ўтказилишига қарамасдан, шаҳарнинг кенгайиши ва ривожланиши секинлик билан борди. 1891 й. да шаҳарда 2 та пиво пишириш ва битта кўнчилик з-ди фаолият кўрсатди. Маҳаллий ярим кустарь корхоналар маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш билан шуғулланарди. Пахта тозалаш з-ди фақатгина т. й. ўтказилгандан кейин қурилди. 1899 й. да Янги Марғилон ш. аҳолиси атиги 4 минг кишини ташкил этди.

1907 й. да мустамлакачи маъмурлар шаҳар номини ўзгартириб, Скобелев деб атадилар. Ўша йили т. й. вокзалини ҳам қуриш бошланди.

1914 й. да яна 4 та пахта тозалаш з-ди ва 8 та пилла қуритиш мосламаси фойдаланишга топширилди. Шаҳарчада, асосан, подшо маъмурияти ва амалдорлари, ҳарбийлар, савдогар ва маҳаллий бойлар яшарди. 1913 й. да шаҳар аҳолиси 14 минг кишига етди. Шундан ўзбеклар атиги 3216 кишини ташкил этди.

Шаҳар тунда 80 та ёритқич (фонус) б-н ёритиларди. Дўконлар аҳолига хизмат кўрсатган. 1917 й. гача шаҳардаги 3 та гимназияда 600 ўқувчи, 5 та мактабда эса 821 ўқувчи ўқиди. Уларга 20 ўқитувчи сабоқ берди. Шаҳарда биргина касалхона (35 ўрин) ва бир дорихона мавжуд эди.

1917й. 6—7 дек. да Скобелевда ҳокимиятни шўролар эгаллади. 1921 й. да Ўрта Осиё ипакчилик саноатининг дастлабки корхонаси — пиллакашлик ф-каси фойдала нишга топширилди. 1917 й. гача шаҳарда, қуввати 700 кВт бўлган хусусий (Липинскийга қарашли) электр стяси бўлган. Ўша йилдан кейин Фарғона водийсида ягона бўлган иссиқлик электр маркази ишга туширилди. Қувасой иссиқлик электр стяси фаолият кўрсата бошлагандан кейин улар ягона энергия системасига бирлаштирилди. Шундан кейин тўқимачилик ф-каси, ёғ з-ди ишлай бошлади. Пахта тозалаш з-длари, тегирмонлар, кустарь корхоналар қайта қурилиб кенгайтирилди ва электр энергия қуввати билан ишлай бошлади. 2-жаҳон урушидан кейинги йилларда ишга туширилган Хўжаобод—Ф., Шим. Сўх—Ф. — Қувасой газ қувурлари Фарғонани Бухоро яқинидан бошланган ягона газ қувури системаси билан боғлади.

Ундан кейин гидролиз з-ди, 1958 й. да нефтни қайта ишлаш з-ди ишга туширилди. 1960-й. ларда Фарғонада темирбетон буюмлари, шифер-ғишт з-длари, 2 иссиқлик электр маркази қурилди.

Шаҳарда 2300 дан ортиқ кичик корхона, 10 автокорхона, маҳаллий хом ашёдан кимёвий тола (ацетат ипаги) ишлаб чиқарадиган, азот, совун, газ аппаратлари, нефтни қайта ишлаш, механика, пахта тозалаш, консерва з-длари; уйсозлик, мой, сут к-тлари, трикотаж, пиллакашлик, пойабзал ф-калари, «Фарғонапиво», дон маҳсулотлари корхоналари ишлаб турибди. 24 қўшма корхона («КабулФарғона», «Ўзсаламан», «Фертекс», «Евразия Тапо Диск», «Феркон» ва б.) фаолият кўрсатади. Саноат корхоналари, асосан, шаҳар марказида ҳамда Қиргули мавзеида жойлашган.

Ф. Республиканинг йирик илм ва маданият марказларидан биридир. Фарғонадан 52 км жан. да Шоҳимардон курорти, шаҳардан 32 км нарида, Олтиариқ туманидаги хушманзара жойда 2 йирик шифохона жойлашган. 2 маданият саройи, 28 кутубхона, вилоят ўлкашунослик музейи, 4 маданият уйи, мусиқали драма театри, рус драма театри, қўғирчоқ театри, ёшлар хиёбони, маданият ва истироҳат боғи, Тошкент 2-тиббиёт ин-ти филиали, ун-т, политехника ин-ти, 3 та болалар мусиқа мактаби, санъат мактаби, 41 умумий таълим, 4 катталар таълими мактаблари, 3 акад. лицей, 18 касбҳунар коллежи фаолият кўрсатади. 3 стадион, спорт мажмуаси, касалхона, поликлиника, дорихоналар мавжуд. Фарғонадан туман марказлари, шаҳар ва шаҳарчаларига автобус қатнайди. Ҳаво транспорти орқали Тошкент ш., вилоят марказлари ва хорижий давлатлар билан боғланган. Шаҳарда 2 вилоят газ., шаҳар газ. («Фарғона тонги», 1955 й. 29 дек. да ташкил этилган, адади 3000), 22 тармоқ газ., 15 хусусий газ. ва 6 журнал нашр этилади. 3 та телестудия фаолият кўрсатади.

Ад.: Тухтасинов И., Фергана, Т., 1969,Бобобеков X., Қўқон тарихи, 1996; Колбинцев А., Фарғона водийси бўйлаб, 1979; Исхаков Фарғона, Прошлое глазами историка, 1994.