ФАРҒОНА ВИЛОЯТ ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙИ — маданий-маърифий муассаса; Республикадаги кекса музейлардан. Фаргона ш. да жойлашган. 1894 й. да Янги Марғилон (ҳоз. Фарғона) ш. да очилган Қ. х. ва саноат кўргазмаси негизида 1895 й. да асос солинган. Дастлаб «Фаргона вилояти халқ музейи» (1899 — 1911, фондида 2223 дона буюм ва китоблар бўлган), «Фарғона шаҳар илмий музейи» (1920—38) номлари билан аталган. 1938 й. дан ҳоз. номида. Музейнинг тарих, табиат, илмиймаърифий, санъат ҳамда хазина бўлимлари бор. Музей ўлка табиати ва қадимдан 20-а. бошларигача бўлган тарихини ўзида акс эттирган доимий экспозиция (археологик топилмалар, амалий санъат намуналари, санъат асарлари ва б.)га эга. Музей фондида археология (10000 дан зиёд), нумизматика (7895 та), амалий санъат (900 та нодир кулоллик, 1200 та мискарлик, 562 та заргарлик, 1670 та кийим ва каштадўзлик буюмлари ва б.), тасвирий санъат (1000 дан зиёд) ва б. дан иборат осори атикалар мавжуд. Музей таркибига Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мемориал музейи (Шоҳимардонда), Адабиёт ва санъат музейи (Марғилонда) ҳамда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги бошқа жамоатчилик музейлари кирган. Музей замонавий техника билан жиҳозланган (жумладан, Интернетга уланган компьютер тизимига эга). Музей и. т. ишларини олиб боради, хорижий мамлакатлар (Англия, Япония ва б.) билан ҳамкорлик қилади. Музей 1985 й. дан махсус қурилган замонавий бинода жойлашган.