ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИЎзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1938 й. 15 янв. да ташкил этилган. Республиканинг шарқида, Фарғона водийсининг жан. да жойлашган. Шим. дан Наманган, Андижон вилоятлари, жан. ва шаркдан Қирғизистон, ғарбдан Тожикистон Республикалари билан чегарадош.

Майд. 6,8 минг км2. Аҳолиси 2815 минг киши (2004). Таркибида 15 туман (Бағдод, Бешариқ, Бувайда, Данғара, Ёзёвон, Олтиариқ, Охунбобоев, Риштон, Сўх, Тошлоқ, Учкўприк, Фарғона, Фурқат, Ўзбекистон, Қува), 9 шаҳар (Бешариқ, Марғилон, Риштон, Фарғона, Яйпан, Қува, Қувасой, Қўқон, Ҳамза), 10 шаҳарча (Бағдод, Данғара, Дўстлик, Ёзёвон, Муқимий, Олтиариқ, Тошлоқ, Чимён, Шўрсув, Янги Марғилон), 164 қишлоқ фуқаролари йиғини бор (2004). Маркази — Фарғона ш.

Фарғона вилояти Ўзбекистоннинг қад. маданият ўчоқларидан бири. Вилоят ҳудудида топилган тош даври манзилгохлари ва қоятошларига солинган суратлар водийда одамлар энг қад. даврлардан бери яшаб келганликларидан дарак беради. Фарғона вилоятининг тош даври ёдгорликларини 1954 й. А. П. Окладников раҳбарлигидаги археология отряди ўрганган. Водийнинг шарқий қисмидаги Қайроққум, Хўжағор ва Учқўрғон маконларидан мустье даврига оид тош қуроллар топилди. Водийнинг ғарбий қисмидаги қад. тош даври маданиятига оид манзилгоҳлар мустье давридаги Қалъача, Жарқўтон ва Қапчиғай тош қуроллар ишлаш устахоналари топилиб ўрганилди. 1958 й. биринчи марта Марказий Фарғонадан мезолит даврига оид микролит тош қуроллари топилди. Шунингдек, Марказий Фарғонадаги Узункўл ва Тайлоқкўл атрофларидан мезолит ва неолит даврларига оид 24 та манзилгоҳ борлиги аниқланди (1965). Сўх воҳасидаги 28 ғор ва унгурлар (Селунгур, Эшма, Обишир, Сур, Бел, Зим, Овикамбар, Боғишим ва б.) рўйхатга олинди. Обишир ғорларидаги маданий қатлам яхши сакланган. Ғорларни қазиш жараёнида мезолит даврига оид тош қуроллар, хайвон суяклари топилган. Булар ўша давр турмушини ўрганиш имконини беради.

1967 ва 1969—70 й. ларда СанктПетербургдаги Эрмитаж музейи ходимлари мезолит ва неолит даврларига оид 35 та манзилгоҳтопдилар. Фарғона вилоятининг археологик ёдгорликларини ўрганишда Катта Фарғона каналининг қазилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Канални қазиш жараёнида жез даври, қулдорлик ва заминдорлик жамиятларига оид ёдгорликлар топилди ва текширилди. Қува ва Тошлоқ туманлари ўртасидаги Акбаробод қишлоғида жез даврига оид манзилгоҳ, Марғилонсойнинг чап соҳилида Оқтом қабристони бўлганлиги аниқланди. Фарғона вилоятининг Қува туманида қулдорлик даврига оид Тахёнтепа, Фарғона ш. да Симтепа (Чимтепа) каби ёдгорликлар топиб ўрганилган. Айниқса, Қува ш. даги мил. ав. 5-а. ва ўрта аср бошларига оид топилмалар яхши текширилган. 10—11-а. ларга доир тарихий манбаларда бу шаҳар ободлиги ва катталиги жиҳатидан водийда Ахсикатдан сўнг энг йирик шаҳар деб қайд қилинган. Археологик материаллар Марғилон ш. 10-а. да катта қишлоқ бўлиб, 11 — 12-а. ларда шаҳарга айланганлигини, Риштон эса 10-а. да катта шаҳар бўлса ҳам, 11 —12а. ларга келиб қишлоқ қиёфасига кириб қолганлигини исботлайди.

Ўтроқ деҳқончилик, чорвачилик б-н шуғулланган Чуст маданиятига оид манзилгоҳлардан топилган ёдгорликлар Фарғона водийсини ўрганишда муҳимдир. У ерда и. ч. кучлари ва хўжаликнинг тараққиёти жез даврининг охирида деҳқончилик қабилаларининг ижтимоий тузумида ўзгариш юз беришига, натижада ибтидоий тартиблар тугаб жамиятдаги табақаланишга олиб келган. Рўзғор анжомларида хусусий мулкчилик куртаклари кўзга ташланади. Археологик текширишлар натижаси Фарғона вилоятида қадимдан одамлар яшаб, овчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланганлигидан, кишилик жамиятининг кейинги босқичларида эса маданият ривожлана бошлаганлигидан далолат беради.

Табиати. Фарғона вилоятининг шим. қисмини Қорақалпоқ ва Ёзёвон даштлари эгаллаган, жан. дан Олай тизмасидан окиб тушадиган дарёларнинг ёйилмалари билан ўралган. Жан. да адирлар Олай тизмасининг тоғ олдилари билан алмашиниб туради. Фарғона вилояти юқори сейсмик зона қисобланади.

Иклими континентал. Қиши бирмунча юмшоқ, баъзан ҳаво жуда совиб кетади. Янв. ойининг ўртача траси — 3,2°, июлники 28°. Энг паст т-ра —27,9°. Энг юқори т-ра 42°. Водийнинг ғарбида эсадиган кучли «Қўқон шамоли» иқлимга салбий таъсир этади. Шамолнинг тезлиги секундига баъзан 35—40 м га етади. Жан. шарқида ёзда гармсел эсади. Йилига ғарбида 100 мм дан (Қўқон атрофи) шарқий қисмида 170 мм гача, тоғ ён бағирларида 270 мм гача ёғин тушади, асосан, баҳорда ёғади. Вегетация даври 210—240 кун. Вилоятнинг шим. ғарбий чегараси бўйлаб Сирдарё оқади. Олай тизмасидан Исфара, Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой бошланади. Дарёлар музликқор сувларидан тўйинади. Июль — авг. да тўлиб оқади. Дарё сувлари суғоришга сарфланади. Асосан, бўз тупроқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроклар кенг тарқалган. Адирларда аксари оч ва типик бўз тупроклар, Сирдарё террасаларида аллювиалўтлоқи тупроқлар, вилоятнинг шим. қисмида шўрхок ўтлоқлар ва ажриқли ўтлоқлар мавжуд.

Марказий Фарғонадаги шўрхокларда турли хил шўра ўсади. Ерларининг каттагина қисми экинзор. Воҳаларда терак, тут, қайрағоч, дарё водийларида кенг баргли ўрмонлар ва арчазорлар бор. Ёввойи ҳайвонлардан Сирдарё тўқайзорларида қобон, адир ва Олай тизмаси тоғ олдиларида бўри, тулки, чиябўри, қуён, бўрсиқ, жайра яшайди. Ондатра, нутрия иклимлаштирилган. Қушлар, судралувчилар кўп. Сув ҳавзаларида маринка, усач, зоғора балиқ, карп, оқ амур, дўнгпешона балиқлар бор.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар шунингдек, тожик, рус, қирғиз, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1км2 га 413,9 киши. Шаҳар аҳолиси 800 минг киши, қишлоқ аҳолиси 2015 минг киши (2004).

Хўжалиги. Фарғона вилояти республиканинг саноати ривожланган вилоятларидан. Вилоятда 86 та йирик саноат корхонаси мавжуд. Саноатининг етакчи тармоқлари: ёқилғиэнергетика, кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари, пахтани тозалаш ва қайта ишлаш, енгил ва озиқовкат саноати ва б. Энергетика базаси, асосан, иссиклик электр стялардан иборат бўлиб, энг йириклари: Фарғона, Қўқон иссиқлик электр марказлари, Қувасой иссиқлик электр стяси. Барча стялар Ўрта Осиёнинг ягона энергетика тизимига бирлаштирилган. Кимё саноатининг энг йирик корхоналари Фаргона ва Қўқон ш. ларида жойлашган. «Азот» и. ч. бирлашмаси, кимёвий толалар, фуран бирикмалари кимё з-длари, Қўқон суперфосфат з-ди ва б. шулар жумласидандир.

Вилоятда Фарғона нефтни қайта ишлаш з-ди жойлашган.

Қурилиш материаллари саноати ривожланган. Қувасойдаги цемент з-ди республикада ишлаб чиқариладиган цементнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини беради. Қувасойда шифер, гишт ва б. қурилиш материаллари, шиша ва чинни идишлар з-длари ишлаб турибди. Қўқондаги «Электромаш», «Текстильмаш» ва б. металлсозлик з-дларида саноатнинг бошқа тармоқлари учун асбобускуналар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Озиқ-овқат саноати йил сайин ривожланмоқда. Бу тармоқ корхоналарида турли нав ёғлар, ун, нон, макарон, консерва ва б. маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Вилоятда 84 қўшма корхона, 22 мингдан ортиқ кичик корхона фаолият кўрсатади. Фарғона ш. да «Нодира», «ПСМК3», «Полина»; Марғилонда «Марғилон тонги» ва Қўқонда «Зилола» кичик корхоналар, «Ўзсаламан», «КабулФарғона», «Бестекс», «Ишонч» қўшма корхоналари ишлаб турибди.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоклари — пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, боғдорчилик ва чорвачилик.

Вилоятдаги барча экин майдони 288,9 минг га, шу жумладан, 129,6 минг га ерга дон, 115,9 минг га ерга пахта, шунингдек, техника экинлари, 11,7 минг га ерга сабзавот ва полиз экинлари, 24,1 минг га ерга озуқа экинлари экилади. 20,3 минг га яйловлар (2004). Ҳайдаладиган ерларда, асосан, обикор деҳқончилик билан шуғулланилади. Пахта, буғдой, шоли, маккажўхори, арпа, картошка, сабзавот ва полиз махсулотлари етиштирилади. Боғларда кўпроқ ўрик ўстирилади. Анор, анжир, олма, хурмо кўп. Токзорларда юқори навли узумдан мўл ҳосил олинади.

Суғориладиган ерлар вилоят ҳудудидан ўтувчи Катта Фарғона ва Андижон каналлари, Жан. Фарғона канали, Шоҳимардонсой, Марғилонсой, Сўх, Исфайрамсой, шунингдек, Каркидон, Кўрғонтепа сув омборлари ёрдамида сугорилади.

Вилоятда 8 мингдан ортиқ фермер хўжалиги, 143 ширкат хўжалиги, 74 хўжаликлараро корхоналар, 6 паррандачилик ф-каси мавжуд. Чорвачиликда қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади. Вилоят жамоа ва шахсий хўжаликларида 511,9 минг қорамол (шу жумладан, 213,2 минг сигир), 431 минг қўй ва эчки, 1260,9 минг парранда бор (2004).

Транспорти. Т. й. узунлиги 227,8 км. Автомобиль йўлларининг уз. 8,6 минг км, шу жумладан, қаттиқ крпламали йўллар 8,5 минг км. Асосий йўналишлари: Тошкент — Қўқон — Андижон, Марғилон — Қўқон — Навоий, Қўқон — Марғилон — Қува. Фарғона ш. да йирик аэропорт ишлаб турибди.

Фарғона вилоятида К. Мамажонов, М. Мадалиева, У. Умаров, Ю. Жўраевлар «Ўзбекистон Қақрамони» унвонига эга бўлдилар.

Маданиймаориф, соғлиқни сақлаш ва спорт. Вилоятда 4 олий ўқув юрти бўлиб, 18,9 мингдан ортиқ талаба, 910 умумий таълим мактаби (690 мингга яқин ўқувчи), 8 гимназия (7,3 минг ўқувчи), 47 лицей (16,3 минг ўқувчи), мусиқа ва спорт мактаблари ишлаб турибди. Халқ таълими соҳасида чет эл инвесторлари б-н алоқа боғланиб «Мерси КО» жамгармаси, Осиё тараққиёт банки, Япония грантлар дастури асосида компьютер ва б. жиҳозлар олинди. Вилоят спортчи ўқувчилари 2003—04 й. лардаги «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларида 2 ва 3 ўринларни эгалладилар.

Фарғона вилоятида 77 касбҳунар коллежи, 3 академик лицей фаолият кўрсатади.

Вилоятда 4 театр, маданият уйлари, 3 музей, 193 клуб муассасаси, 609 оммавий кутубхона (603,6 минг нусха асар) аҳолига хизмат кўрсатади.

Фарғона вилоятидан Уста Олим Комилов, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, М. Қориёкубов, Л. Саримсоқова, М. Мироқилов, М. Қўлдошев, О. Ҳасанов, А. Юсупов, Тамарахоним, Б. Мирзаев, С. Қосимов, А. Файзиев, Н. Раҳимов, Г. Раҳимова, М. Юнусов, Е. Петросова, М. Тургунбоева, Я. Маматхонов, С. Юдаков, С. Каримова, Т. Қодиров, Ҳ. Умаров, М. Исҳоқова, С. Қобулова, X. Комилова, Ҳ. Иброҳимова, Р. Мазоҳидова, ҳ. Носирова, Ж. Охунов, Р. Низомова, Р. Содиқов, С. Маннопов, М. Тўхтасинов, Ю. Усмонова, М. Юсупов, Ё. Хотамова каби Ўзбекистон халқ артистлари; Маматбува хофиз, Э. Каримов, Б. Ражабов, Ж. Султонов, М. Узоқов, К,. Юсупов, Р. Мамадалиев, К. Ҳамроқулов, О. Саидхўжаев каби Ўзбекистон Республикаси халқ ҳрфизлари; Қ. Тожиев, О. Мадалиев, А. Каримов, Ж. Пўлатов, М. Эрматов каби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва б. етишиб чиқдилар (яна қ. Фарғона театри, Фарғона-Тошкент мусиқа услуби). В. Усеинов, Н. Касин, Э. Қувондиқов, С. Алибеков каби таниқли рассомлар шу вилоятда яшаб ижод қилдилар. Вилоятда 1998 й. да Фаргонийнинг 1200 йиллик, 2000 й. да Бурҳониддин Маргинонийнинг 910 йиллик юбилейлари ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш. 97 касалхонада 6,3 минг врач ва 31,9 минг урта тиббий ходим ишлайди. 413 амбулатория поликлиникаси, 214 қишлоқ врачлик пункти, 61 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 28 та диспансер бор. Дам олиш уйлари ва «Чимён», «Ўзбекистон», «Қизилтепа», «Нурафшон», «Темир йўлчи» санаторийлари, тез тиббий ёрдам вилоят бўлими бор.

Спорт. Фарғона вилоятида «Универсиада2004» спорт мусобақалари ўтказилди. 2004 й. дан бошлаб вилоятда спортнинг сув полоси ва синхрон сузиш турлари йўлга қўйилди, секциялар ташкил этилди. Мавжуд спорт федерацияларидан ташқари қўл тўпи, турон миллий якка кураши, синхрон сузиш, армрестлинг каби спорт турлари бўйича спорт федерациялари тузилди.

Фарғона вилоятида жами 5135 спорт иншооти мавжуд. Шунингдек, Фаргона Олимпия захиралари спорт коллежида дастлабки спорт иншоотлари ишга туширилди. «Ёшлар маданият ва спорт мажмуаси», «Фарғона» марказий стадиони, «Истиқлол» теннис мажмуаси, от спорти мактаби, «Кимёгар» спорт мажмуаси фаолият кўрсатади. Спортнинг юнонрим, қўл жанги, таэквондо, каратэ, шахмат, шашка, бокс, белбоғли кураш, миллий кураш, турон миллий яккакураши, енгил атлетика, мини футбол, волейбол турлари ривожланган. Вилоят спортчилари 2004 й. да халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб 7 олтин ва 4 кумуш медалларга сазовор бўлишди. Айниқса, Корея Республикасида ўтказилган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Қозоғистонда армрестлинг, Японияда байдарка ва каноэ, Филиппинда бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатларида вилоят спортчилари муваффақиятли иштирок этишди. Енгил атлетика бўйича ўтказилган республика спорт мусобақаларида вилоят вакиллари Е. Тунгускова ва 3. Абдуллаевалар қатнашиб республика терма жамоаси таркибига киритилди. Оғир атлетика бўйича республика чемпионатида Е. Сисоева ўз вазни бўйича голиб бўлди. Шунингдек, Е. Сисоева ва Б. Тошпўлатовалар 2004 й. да АҚШда талабалар ўртасида оғир атлетика бўйича ўтказиладиган чемпионатга номзод этиб киритилди. Ногиронлар ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида А. Исматуллаев ғолиб бўлиб, Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Республика терма жамоаси таркибига киритилди. 2004 й. нинг август ойида Афинада ўтказилган 28ёзги Олимпия ўйинларида Фарғона вилоятининг 5 спортчиси иштирок этди. 2004 й. да вилоятда баскетбол бўйича халқаро «Мерсико» турнири, миллий ва белбоғ кураши бўйича Ҳазрат Али ҳамда Темиржон ва Ҳамид полвонлар хотирасига бағишланган халқаро турнирларда республика вилоятлари, 10 дан ортиқ хорижий давлат полвонлари катнашди. Йил давомида ўтказилган спорт мусобақаларда иштирок этиб вилоят спортчилари 250 дан ортиқ медалларни қўлга киритишди. 15 спортчи спорт устаси нормасини бажарди.

Адабиёти. Фарғона замини кўплаб истеъдодлар бешиги бўлган. Қўқон тарихига оид баъзи манбаларда 10-а. да Фарғонада ёзма адабиёт намуналари бўлганлиги қайд этилган. Абу Таййи Ҳўқандий (10—11-а. лар) ижоди ҳақидаги маълумотлар бунинг яққол далилидир. Бироқ, ўрта аср Ф. в. адабиёти ҳақидаги манбалар жуда кам.

18-а. дан бошлаб Фарғона водийси, хусусан, Қўқонда фан, адабиёт ва санъат ривож топганлигини кўриш мумкин. Қўқон хонлиги ташкил топиши марказлашган давлат сифатида фаолият юритиши хонлик ҳудудида ўзига хос адабий муҳитнинг шаклланишига имконият яратди. Бу даврда Ҳувайдо, Шўхий, Акмал, Низомий Ҳўқандий каби адабиёт намояндалари ижод қилдилар. Ҳувайдонинг «Девон»и таркибига кирган шеърлар ва «Роҳати дил» достони халқ орасида машҳур бўлган.

19-а. да ушбу ҳудудда «Қўқон адабий муҳити» номи билан маълум бўлган адабиёт равнақ топди. Ушбу муҳитнинг ташкилотчиси Қўқон хони Муҳаммад Саид Амир Умархон (178 7 — 1822) саройига 100 га яқин ижодкорни жалб этиб, уларнинг ижод қилиши учун моддий ва маънавий шароит яратиб берди. Хоннинг ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар «Девони»ни ёзди. Умархон даврида Адо, Фазлий, Хозиқ, Ҳижлат, Вазир, Махмур, Нодир, Ғозий, Маъдан, Мирий, Нодира, Увайсий, Маҳзуна, Гулханий, Мушриф, Дабир, Равнақ, Умидий, Жадид, Маҳзун, Зокир, Файзий, Ваҳмий каби ижодкорлар шуҳрат қозонганлар. Кейинроқ, Умархоннинг ўғли Қўқон хони Муҳаммад Алихон (Мадалихон) ҳам «Хон» тахаллуси билан шеърлар ёзган, «Лайли ва Мажнун» достонини яратган. Ушбу давр адабиётининг намунаси сифатида Абдулкарим Фазлийнинг Умархон топшириғи билан 84 замондош шоирлар ҳақида ўзбек ва форс тилларида шеърий йўсинда ёзилган «Мажмуаи шоирони Умархон» тазкираси; Гулханийнинг «Зарбулмасал» асари, Хозиқнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Нодир Узлатнинг «Ҳафт гулшан» достонларини айтиш мумкин. Аёл ижодкорларнинг мавқеи баланд бўлганлигини таъкидлаш лозим. Қўқон маликаси, Умархоннинг завжаси Моҳларойимнинг Нодира, Макнуна тахаллуслари билан ижод этган ўзбек ва форс тилларидаги шеърлари алоҳида «Девон»га жам бўлса, Жаҳонотин Увайсийнинг 4 девони, «Воқеоти Муҳаммад Алихон», «Шаҳзода Ҳасан» ва «Шаҳзода Ҳусайн» достонлари, Маҳзунанинг гўзал шеърлари адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олган.

Фарғона вилояти адабиётининг бу даврдаги яна бир хусусияти кўп сонли тарихийадабий асарларнинг яратилганлигидир. Сўнгги тадқиқотлардан маълум бўлишича, шу даврда биргина Қўқон хонлиги тарихига оид 40 га яқин шеър ва насрий асарлар яратилган. Шеърий услубда яратилган бундай асарлар сирасига Фазлийнинг «Шаҳномаи Умархон», Мутрибнинг «Шаҳномаи Девона Мутриб», Андалибнинг «Шаҳномаи девона Андалиб», Увайсийнинг «Воқеоти Муҳаммад Алихон» достонлари; Имомали Қори Қундузий — Комийнинг таниқли кишилар таваллуди, вафоти ва Қўқон тарихига оид турли воқеа — саналарнинг шеърий таърихлари жамланган «Таворихи манзума» каби асарлари киради.

Тарихга оид насрий асарлар қаторида эса Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб уттаворих», Мулла Аваз Муҳаммад Атторнинг «Туҳфат уттаворихи Хоний», Мушрифнинг «Шаҳномаи нусрат паем», Мулла Ниёзмуҳаммад Ҳўқандийнинг «Тарихи Шоҳруҳий», Мирзо Олим Мушрифнинг «Ансобус салотин ва таворихи хавоқин», Муҳаммад Амин Домуллонинг «Туҳфат уттаворих», Абдуғафур Ҳўқандийнинг «Зафарномаи Худоёрхон», Мақмуд Ҳаким Яйфонийнинг «Хуллас уттаворих», Муҳаммад Азиз Марғилонийнинг «Тарихи Азизий» ва б. асарларни келтириш мумкин. Тасаввуфий адабиёт намуналаридан Азим Хўжа эшон Азимийнинг «Муродулошиқин» девони, Абдулазиз Мажзубнинг «Девон»и ва «Тазкираулавлиё» асари (19-а. нинг 1ярми), Салоҳиддин Соқибнинг «Маълумоти Соқибий» рисоласи (19-а. нинг 2ярми) эътиборга лойиқ.

19-а. да Қўқон ш. ва унинг атрофида 100 дан зиёд шоир ва адиблар девон тузишган. Умархон, Муҳаммад Алихон ва Нодирабегим даврларида Қўқонда хушхат хаттотларни йиғиб, моддий жиҳатдан таъминлаб, Шарқ адабиётининг кўплаб нодир асарлари кўчиртирилиб, кўпайтирилган. Шулардан энг кўп кўчирилганлари Жомий, Навоий, Бедил, Фузулий ва Амирий асарларидир. Маълумотларга кўра, Амир Умархон Лутфий, Навоий ва Амирий девонлари жамланган, гўзал хатли, олтин безакли «Муҳаббатнома» мажмуасини усмонли турк султонига ҳадя тариқасида жўнатган.

Фарғона вилояти адабиётида Шарқ мумтоз шеъриятининг деярли барча жанрларида самарали ижод қилинди. Бадиият ва ғоя, мавзулар рангбаранглиги бу давр адабиётига хос хусусиятлардан бири эканлиги асарлардан маълумдир. Бу жиҳат 19-а. нинг 2 ярми — 20-а. бошлари адабиётида ҳам яққол кўринади. Ушбу даврда Писандий, Қорий, Муқимий, Муҳаййир, Фурқат, Завқий, Ғурбат, Рожий, Муҳсиний, Ҳазиний, Маҳжур, Муқйи, Зорий, Сирожий, Жалолий, Ёрий, Иброҳим Даврон, Мирзои Ҳўқандий, Насимий Хўқандий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва б. самарали ижод қилдилар.

Бу давр адабиётининг ёрқин намояндаларидан Муқимий ижодидаги халқона лирика билан ҳажвий йўналиш ўзига хос мактабни яратган бўлса, Фурқат ижодидаги сероҳанг мисралар ва маърифатпарварлик руҳидаги шеърлар, Ҳазиний ижодидаги суфиёна истилоҳларга бой, пурҳикмат шеърлар, Қорий лирикасидаги жозибадорлик, Ҳамза ижодидаги ижтимоий руҳ бу давр адабиётининг равнақидан далолат беради. Аёл ижодкорлардан Дилшод Барно, Анбар Отин, Самарбону каби шоираларнинг ижоди қам самарали бўлди.

Миллий уйғониш даври адабиёти — жадидчилик йўналишида ижод қилган ва маърифатчилик ҳаракатида фаол иштирок этган ижодкорлар сирасига Иброҳим Даврон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мирзо Хайрулло Ҳўқандий, Ашурали Зоҳирий, Пўлатжон Қайюмий кабиларни киритиш мумкин. И. Давроннинг «Ашъори нисвон» шеърлар мажмуаси, Ҳамзанинг «Миллий қўшиклар учун миллий шеърлар» тўплами, М. Х. Ҳўқандийнинг «Ахлоқи замима», «Йигирма ҳикмат» асарлари ва б. ўша давр адабиётининг маҳсулларидир. П. Кайюмийнинг 20-а. нинг 2ярмида яратган «Тазкираи Қайюмий», «Қўқон тарихи ва адабиёти» ва «Тазкираи шуаро» асарлари ҳам эътиборга лойиқ.

20-а. ҳоз. замон ўзбек адабиётининг кўплаб вакиллари ҳам Фарғона вилояти адабиётининг қалдирғочларидир. Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла, Чархий, Хусайн Шамс, Амин Умарий, Шокир Сулаймон, Адҳам Раҳмат, Иброҳим Раҳим, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон каби шоир ва ёзувчилар шу замин фарзандларидир.

20-а. нинг 70—90-й. ларида Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Анвар Юсупов, А. Муқимов, Ҳабибулло Саид Ғани, Комил Жўра, Ўрмон Омонов, Алишер Ибодинов, Баҳодир Исо, Исмоил Маҳмуд, Нуруллоҳожи Қўқондий, Энахон Сиддиқова, Сайдали Одилов, Зуҳра Алиева, Матлуба Деҳқон қизи, Илмер Назаров, Абдулҳамид Мухаммадиев, Носир Зоҳид ва б. ўз ижодлари билан элга танилдилар.

Мустақиллик йилларида Набижон Боқий, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Сайд Анвар, Фарида Афрўз, Иқбол Мирзо, Абдураҳмон Жўра, Мирза Карим, Гулбаҳор, Отабек Рустамбек ўғли, Мухтасар Тожимаматова, Озода Тўрақулова каби ижодкорлар етишиб чиқдилар.

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси ижодий уюшмалари (ёзувчилар, рассомлар, журналистлар, меъморлар ва б.)нинг вилоят бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телевидениеси. Вилоятда 7 та журнал, 73 та газета, шу жумладан, 2 вилоят газ. («Фарғона ҳақиқати», «Ферганская правда»), 21 шаҳар ва туман, 27 та тармоқ ҳамда 23 та хусусий газеталар чоп этилади.

Фарғона вилоятида радиоэшиттиришлар 1932 й. да эфирга узатила бошлади. Вилоят радиоси орқали узбек, тожик ва рус тилларида кунига 1 соатдан эшиттиришлар берилади.

Вилоят телевидениеси ўз кўрсатувларини 1991 й. 22 дек. дан намойиш эта бошлади. Ўша пайтларда ҳафтасига 1 соат кўрсатувлар берилган. Фарғона вилояти телевидениеси ҳафталик кўрсатувлари 18 соатни ташкил этади. Кўрсатувлар узбек, тожик ва рус тилларида олиб борилади. Ундан ташқари «Марғилон», «Сўх», «Мулоқот», «Ниҳол» туман ва шаҳар телестудиялари фаолият кўрсатади.

Меъморий ёдгорликлари. Фарғона вилоятида асосий ҳисобланган Қўқон меъморлигининг шаклланиши 18-а. дан бошланади. Бу ерга дастлаб Бухородан бир гуруҳ бинокорлар таклиф этилди, улар Мадраса, масжид, мақбара, карвонсарой, кўприк ва б. биноларни бунёд этдилар. Ҳозиргача шаҳарда сакланган меъморий ёдгорликлардан энг қад. си Мадрасаи Мир номи билан халқ орасида машҳур бўлган Норбўтабий мадрасасидир (18-а. охири). Бу Мадраса Қўқон ҳукмдори Норбўтабий ҳукмронлиги даврига оид. Ундан ташқари, Дахмаи шоҳон, Дахмаи Модарихон меъморий мажмуалари (19-а. нинг 20-й. лари), Миён Ҳазрат (1860 й.), Камол Қози (1837 й.) мадрасалари, Ўрда (1871 й., Қўқон хони Худоёрхон томонидан қурилган), Жоме масжиди (19-а. охири — 20-а. бошлари) каби меъморий ёдгорликлар сакланган.

Ад.: Наливкин В. П ., Краткая история Кокандского ханства, Казань, 1886; Акромов 3. М., Фарғона водийси, Т., 1957.

Тоир Абдураимов, Отабек Жўрабоев.

Loading...