ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ — Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги вилоятлардан бири. 1876 й. 19 фев. да Россия империяси томонидан босиб олинган Қўқон хонлиги ҳудудида ташкил қилинган. Таркибига Марғилон, Андижон, Қўқон, Наманган, Ўш уездлари ва Помир кирган. Майд. тахм. 160,1 минг км. Маъмурий маркази — Янги Марғилон ш. (1907—24 й. ларда Скобелев ш.). Ф. в. аҳолиси 1897 й. ги аҳоли рўйхатига кўра, 1560411 кишидан иборат бўлган. Аҳолисининг асосий машғулоти — деҳқончилик ва чорвачилик. Вилоятда экин экиладиган ерлар 860000 десятинани ташкил қилган. Деҳқончиликда, асосан, буғдой, кунжут, пахта, тамаки, беда, жўхори, арпа, тариқ ва б. экилган. Айниқса, пахтачиликка эътибор берилган, 1901 й. вилоятнинг 232500 десятина ерига пахта экилган. Боғдорчилик ривожланган.
Фарғона вилоятидан четга пахта, ипак, жун, пойабзал, тери, гилам, шоли чиқарилган. Маҳаллий мактаб ва ўқув юртлари 2246 та, масжидлар 6554 бўлган. Фарғона вилояти аҳолиси Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатига карши кўплаб чиқишлар қилган. Айниқса, 1898 й. даги Андижон қўзтлони ва 1916 й. даги Ўрта Осиё қўзғолонида фаол қатнашган. 1924 й. Ўрта Осиё республикаларида миллий давлат чегараланиши ўтказилиши муносабати билан Фарғона вилояти тугатилган.