ФАРМОН

ФАРМОН — 1) муайян мамлакатларда давлат бошлиги (Президент) чиқарадиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат. Ф. билан, одатда, шахслар юксак лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат тартиби жорий этилади, орден ва медаллар билан мукофотлаш амалга оширилади, олий ҳарбий ва фахрий унвонлар берилади, умумнорматив хусусиятга эга бўлган қарорлар расмийлаштирилади. Умумий қоидага кўра, Фармон мазкур давлат конституцияси ва қонунларига (ЎзРда — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Кррақалпоғистон Республикасининг Конституцияси ва ЎзР қонунларига) зид бўлмаслиги керак. Ўзбекистон Республикасида Президент Фармон лари Олий Мажлис ёки Вазирлар Маҳкамаси розилигисиз мустақил тарзда Президент томонидан қабул қилинади. Фармон — мазмун ва моҳиятига кўра, конституциявий нормаларни ижтимоий ҳаётга татбиқ қилишнинг воситаси сифатида намоён бўлиб, юридик кучи нуқтаи назаридан конституция ва қонун нормаларига нисбатан иккиламчи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Нормативҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуни (2000 й. 14 дек.)га кўра, Президент Фармонлари белгиланган тартибда кучга киради ва улар эълон қилиниши шарт. Ғарб мамлакатларида, Фармонга ўхшаш ҳужжатлар кўпинча декрет (АҚШда ижро этувчи директивалар) деб аталади;

2) Эрон шоҳлари, Усмонли турк империяси султонлари, Олд ва Ўрта Шарқ мамлакатларида қад. ҳукмдорларнинг олий буйруғи.

Prev Article

ФАРМЕР

Next Article

ФАРРУХ ЁСОР