ФАРНАК I (? — мил. ав. 169) — Понт подшолиги шоҳи (тахм. 185—169). Қора денгизнинг жан. соҳилларидаги катта ҳудудни Понтга қўшиб олган, хусусан, 183—179 й. ларда юнон шаҳарлари: Синопа, Амисос, Армена, Киторос, Котиор, Керасунт, Трапезунт ва б., шунингдек, Понт тоғларидаги конларни босиб олган. 183 й. подшолик пойтахтини Амасиядан Синопага кўчирган. Қора денгизнинг жан. соҳилида Фарнакия шаҳарқалъасини бунёд этган.