ФАЙНБЕРГ Александр Аркадьевич (1939.2.11, Тошкент) — рус шоири. Ўзбекистон халқ шоири (2004). ТошДУнинг журналистика ф-тини тугатган (1965). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1965-69). «Этюд» (1967), «Сония» (1969), «Шеърлар» (1977), «Олис кўприклар» (1978). «Ижобат» (1982). «Қисқа тўлқин» (1983), «Ёйма тўр» (1984), «Эркин сонетлар» (1990) ва б. шеърий тўпламлар муаллифи. Файнбергнинг шеърий ижодида ўтмиш билан ҳозирги кун, Ғарб билан Шарқ, миллийлик билан байналмилаллик ўзаро туташиб, ўзига хос бадиий оламни вужудга келтиради. Файнбергнинг лирик қаҳрамони тарихий-ижтимоий силсилалар асрида ўзининг инсоний моҳиятини тўла сақлаб қолган, ўзгага меҳр-шафқат ва мадад қўлини узатишга тайёр, айни пайтда ер куррасида содир булаётган нохуш воқеа ва ҳодисалардан изтироб чекувчи жўмард инсондир. Файнбергнинг шеърий ижодида рус ва Европа шоирларининг энг яхши бадиий тажрибалари синтезлашган. Шарқ мумтоз шеърияти анъаналари ҳам унинг ижодий услубига бегона эмас.
Файнберг ижодининг муҳим қисмини бадиий таржима ташкил этади. Ўзбек шеъриятини мукаммал билган шоир Навоий ғазаллари, Эркин Воқидов, Абдулла Орипов, Омон Матчон ва б. ўзбек шоирларининг шеър ва достонларини рус тилига таржима қилган. Файнберг сценарийси асосида «Ўзбекфильм» киностудиясида «Менинг акам», «Жазирама офтоб тагида», «Қандаҳорда тобланганлар», «Тожикфильм» киностудиясида эса «Жиноятчи ва оқловчилар» ва б. фильмлар суратга олинган. Файнберг сценарийси асосида 20 га яқин мультфильмлар яратилган.