ФАЗЛИЙ

ФАЗЛИЙ Намангоний (тахаллуси; асл исми Абдулкарим, 18-а. 2ярми — 19-а. 1ярми, Наманган) — шоир, адабиётшунос. 19-а. бошларида Турақурғон ва Наманганда турли мансабларда ишлаган. Умархон ҳукмронлиги йиллари (1810—22) Қўқонга келган. Шеърий истеъдоди туфайли хоннинг марҳаматига сазовор бўлиб, тез орада сарой шоирларининг бошлиғи — «малик ушшуаро» номини олган. Умархоннинг ҳаёти, фаолияти, ҳарбий юришлари, ҳукмронлиги давридаги воқеаларни «Умарнома» достонида тасвирлаган. Хон топшириғига кўра, Фазлий «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар мажмуаси», 1821) тазкирасини тузган. Ўзбек адабиётшунослиги тарихида илк марта шеърий йўл билан яратилган мазкур тазкирада 19-а. бошлари Қўқон адабий муҳитининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳақидаги қимматли маълумотлар ва асарларидан намуналар мавжуд. Шу жумладан, унда Фазлийнинг касида ва ғазаллари, шоира Маҳзуна билан мушоираси ҳам бор. Ф. нинг «Девон» тузгани маълум, аммо у топилмаган. Унинг ўзбек ва тожик тилларида ёзилган газал, маснавий, мухаммас, рубоий ва туюқлари турли мажмуа ва баёзларда учрайди.

Фазлийнинг «Мажмуаи шоирон» тазкираси 19-а. ва 20-а. бошларида қўлёзма ва тошбосма нусхаларда кенг таркалган, асар адабиёт ахли орасида катта шуҳрат топган. Унинг мукаммал қўлёзма нусхалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик интида сақланади (инв. № 7510, 9914 ва б.). Ф. Умархон вафотидан сўнг (1822), Наман ганга кетган ва ўша ерда вафот этган.

Ас: Ўзбек адабиёти [4 ж. ли], 3ж. Т., 1959.

Ад..Қаюмов А., Қўқон адабий муҳити, Т., 1961; Қайюмов П., Тазкираи Қайюмий, Т.. 1998; Воҳидов Ш., Қўқон тарихчилари Фазлий ва Мушриф, Т., 1996; Тошболтаева Т., «Мажмуаи шоирон» ва унинг муаллифи, Т., 2002.

Рустамжон Тожибоев.

Loading...