ФИДЕ (FIDE; франц. Federation internationale des Eshecs) — халқаро шахмат федерацияси. 1924 й. Парижда тузилган. 149 мамлакатни бирлаштиради (1995); Ўзбекистон — 1992 й. дан аъзо. Шиори — «ҳаммамиз бир оиламиз» (лот. Gens una sumus). Бир қанча йирик халқаро мусобақани, шу жумладан, эркаклар (1927 й. дан) ва аёллар (1957 й. дан) шахмат олимпиадалари; шахсий (1886 й. дан эркаклар ўртасида, 1927 й. дан аёллар ўртасида) жаҳон чемпионатлари ва жамоалар ўртасида (1985 й. дан эркаклар жамоалари ўртасида, 4 й. да бир марта) биринчилик, шунингдек, сиртқи шахмат (1947 й. дан) ва тезкор шахмат (1988 й. дан), кўзи ожизлар (1966 й. дан) ва компьютерлар (1974 й. дан) ўртасида жаҳон чемпионатлари, композиция тузувчилар ўртасида (1956 й. дан) танловлар уюштиради.