ФИФА

ФИФА (FIFA, франц. Federation internationale de Football Association сўзлари бош ҳарфидан) — халқаро футбол уюшмалари федерацияси. 1904 й. Францияда таъсис этилган. 204 та миллий футбол уюшмасини бирлаштиради (2003). Ўзбекистон 1994 й. дан аъзо. Турли миқёсдаги халқаро мусобақалар: миллий жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати (1930 й. дан), мини футбол бўйича, аёллар жаҳон чемпионатини, ўсмирлар ўртасида, 16—17 ёшли футболчиларнинг жаҳон чемпионатини, қитьалараро турнир ва кубок мусобақаларини ташкил қилади ва ўтказади. «ФИФА магазин» безакли жур., «ФИФА Ньюс» ойлик бюллетенини нашр этади. Футболни тарғиб қилиш ишидаги улкан муваффақиятлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози С. Арутюнов ФИФА медали билан мукофотланган (1998), «Нефтчи» (Фарғона) жамоаси футболчиси С. Лебедев ФИФА терма жамоаси таркибида ўйнаган (1997).