ФИЛДИНГ

ФИЛДИНГ, Фильдинг (Fielding) Генри (1707.22.4, ШарпемПарк, Гластонбери яқинида — 1754.8.10, Лиссабон) — инглиз ёзувчиси. Инглиз маърифатпарварлик адабиётининг йирик вакили. Итон коллежида (1719 — 27), Лейден унти (Голландия, 1728 — 30) ва Темпл (Лондон)даги юридик мактабда (1737—40) ўқиган. 1730 й. дан драматург сифатида танилган. 25 та комедия ва фарслар яратган. Сатирик «Фожиалар фожиаси» пьесаси (1730) Филдингга шуҳрат келтирган. «Темпллик олифта», (1730), «Дон Кихот Англияда» (1734), «Пасквин» (1736), «1736 йилнинг тарихий тақвими» (1937) каби комедияларида порахўр судьялар, сотқин саёҳатчилар, фирибгар савдогарлар фош этилган. Кейинчалик Филдинг бу комедиялардаги сатирик танқидий йўналишни ўзининг романларига ҳам кўчирган. «Марҳум Букж Жонатан Уайльд тарихи» (1743), «Топиб олинган Том Жонс тарихи» (1749), «Амелия» (1752) ва б. романларида маърифатпарварлик гуманизмидаги инқирознинг айрим кўринишлари ўз аксини топган, сентименталдидактик оҳанглар кучайган, шунингдек, ўша давр Англияси учун долзарб бўлган бир қанча ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ахлоқий муаммолар кўтарилган. Филдинг ўз романларини «комик эпопеялар» деб таърифлаган. Ёзувчи ижодига хос бўлган демократик кайфиятлар унинг памфлетларида ҳам яққол сезилади. Филдинг ижоди кейинги даврлар Англия ва Европа адабиётига катта таъсир кўрсатган. Ад.: Роджерс П., Генри Филдинг, М., 1984; Елистратова А. А., Английский роман эпохи Просвещения, М., 1966.