ФИЛИППИН ТИЛЛАРИ

ФИЛИППИН ТИЛЛАРИ — австронез тилларинит малайполинез тармоғига мансуб ғарбий гуруҳ тиллари; анъанавии тарзда индонез тиллари таркибига киритилади. Филиппин тилларининг умумий микдори 100 дан ортиқ бўлиб, улар Филиппин архипелагидаги одам яшайдиган 800 та оролда тарқалган (филиппинликларнинг 90% и мамлакатнинг 95% майдонини ташкил этувчи 11 та йирик оролда яшайди). Кенг тарқалган 6 та Филиппин тилларида (бисай, тагал, илоки, бикол, пампанган, пангасинан) 60 млн. дан ортиқ киши сўзлашади (ўтган асрнинг 90-й. лари). Юқоридагилардан тагал тили инглиз тили билан бирга Филиппин Республикасининг давлат тили ҳисобланади.

Филиппин тиллари таснифлари ибтидоий хусусиятга эга бўлиб, бу таснифлар соф лингвистик бўлмай, этнолингвистик ёки геолингвистик таснифлардир. Мас, америкалик Ф. Блейк 20-а. бошларида Филиппин тилларини жан. ва шим. гуруҳларга бўлган; инглиз олими Р. Райт ва филиппинлик Г. О. Бейерлар эса уларни «христиан», «мусулмон» ва «мажусий» (бутпараст) тилларга ажратган; америкалик X. Конклин Филиппин тилларини 75 «асосий лингвистик гурухлар»га бирлаштиради; филиппинлик С. Лопес шим., марказий (бисай) ва жан. тилларни ажратади ва б. Испаниялик Г. С. Хили ва америкалик К. Макфарландларнинг таснифлари анча мукаммал бўлсада, уларнинг биринчиси — этнолингвистик, иккинчиси геолингвистик хусусиятга эга.

Филиппин тиллари фонетик тизимида ўртача 5 унли ва 16 ундош товуш, жумладан, портловчи бўғиз ундоши мавжуд; асосан очиқ бўғин учрайди. Бош урғу охирги ёки ундан олдинги бўғинга тушади. Морфологик жиҳатдан Филиппин тиллари агглютинатив тилларга мансуб. Аффикслар, асосан, кўп маъноли бўлиб, уларнинг сони бир неча юзга етади. Икки бўғинли ўзак морфемалар ва бир ўзакли аффиксал морфемалар кўпчиликни ташкил этади. Гапдаги сўз тартиби унча барқарор эмас, лекин кесимнинг ran бошида келиши устунлик қилади. Сўз ясалишида аффиксация, сўз такрори, сўз қўшиш ҳамда урғунинг ўрин ўзгартириши каби усуллар қўлланади. Лексикада асл австронез, индонез қатламидан ташқари ўзлашма сўзлар ҳам (мас, тагал тилида санскрит, хитой, араб, испан, инглиз тилларидан кирган сўзлар) анчагина.

Филиппин тиллари Испания истилосигача қад. ҳинд ёзуви браҳми асосида яратилган бўғинли ёзувдан фойдаланган (унлилар учун 3 та, ундошлар учун 14 та белгиҳарф бўлиб, бошқа товушлар диакритик ва б. белгилар билан ифодаланган), 17-а. дан бу ёзув испанлашган лотин графикаси билан алмаштирилган. Минданао ва Суду оролларидаги мусулмон аҳоли араб ёзувидан ҳам фойдаланади. 20-а. нинг 80-й. ларида Филиппин тилларидан фақат 14—15 тасигина ўз ёзувига эга бўлган эди, қолганлари ёзувга эга эмас.